ЎзА Ўзбек

15.03.2019 14:47 Чоп этиш версияси

Бир марталик акция яна давом этадими?

Бир марталик акция яна давом этадими?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасида ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга, 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли экани белгиланган.

Албатта, Конституциямиз асосида қабул қилинган қонунлар ва қонун ости ҳужжатларида ҳам мулк ҳуқуқи дахлсиз экани, у қонун билан ҳимоя қилиниши мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 сентябрдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунига асосан, хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Шунингдек, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина ўз мол-мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Бироқ, савол туғилади, фуқарода мулк мавжуд бўлса-да, унга нисбатан мулк ҳуқуқи, эгалик қилаётган турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар бўлмаса-чи?

Бундай ҳолат фуқароларга дастлаб турар жойнинг ўзбошимчалик билан қурилган деб топилиши ҳамда унда яшаётган фуқаролар ҳисобидан буздирилиши каби анчагина муаммоларни келтириб чиқариши табиий. Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони юртдошларимиз ҳаётидаги бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, фуқароларнинг мулк ҳуқуқларини амалда таъминлашда муҳим ҳужжат бўлди.

Маълумки, фуқароларнинг қонунчиликда мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаларида якка тартибда уй-жой қуриш ҳуқуқи кафолатланган. Шу билан бирга, фармонда қайд этилишича, ер тузиш ва кадастр органлари томонидан ўтказилган Республика кўчмас мулк фондининг ялпи хатлови якка тартибда уй-жой қуриш соҳасида, айниқса, қишлоқ жойларда қонунийликни таъминлаш масалаларида тизимли хато ва жиддий камчиликларга йўл қўйилганлигини кўрсатди.

Хусусан, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан, минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида якка тартибда уй-жойларни ноқонуний барпо этган. Фуқароларга ер участкаларини уй-жой қуриш учун муайян тўлов эвазига ноқонуний бериш юзасидан фермер ва деҳқон ҳўжаликларининг тил бириктириши бўйича кўплаб ҳолатлар мавжуд. Натижада ушбу муаммо оммавий тус олди ва уй-жой учун зарур ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аҳолида бошқа ижтимоий муаммолар келиб чиқишига, хусусан, ҳақиқатда яшаб турган жойга прописка қилиниши, мулк ҳуқуқига эга бўлиш ва уни амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслигига олиб келди.

Фуқаролар томонидан уй-жой мулкига кадастр ҳужжати беришни сўраб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига 5 мингдан ортиқ, депутатлар, сенаторлар, давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда 3 мингдан зиёд мурожаати келиб тушганининг ўзиёқ соҳадаги муаммолар нечоғли долзарб эканини кўрсатди.

Юқоридаги фармон ва фармон ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги қарори билан 2019 йил 1 майга қадар мамлакатимизда фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди.

Мазкур акция фуқаролар учун жуда кенг имкониятлар яратиб берди. Хусусан, ўтказилган хатлов натижаларига кўра, биргина Наманган вилоятида жами 67 минг 262 та ўзбошимчалик билан қурилган иморат мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда қарорга мувофиқ, давлат хизматлари марказларига жами 42 минг 144 та ариза келиб тушган. Бироқ, 1 майга, яъни фармонда белгиланган муддат тугашига ҳам икки ойдан кам вақт қолди. Лекин ҳозирга қадар бу муаммога дахлдор фуқароларнинг 60 фоизигина ариза билан мурожаат қилган. Мурожаатчиларнинг айримлари акция доирасида белгиланган пул маблағларини ҳам тўламаган.

Айниқса, аҳоли ўртасида “мазкур акция 1 майдан кейин ҳам давом этади” ёки “акциянинг муддати яна узайтирилади” қабилидаги асоссиз миш-мишлар тарқатилаётгани эса бу борадаги ишлар янада сустлашишига сабаб бўлмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам акция муддати узайтириладими? Келинг, бу саволга ҳуқуқий жиҳатдан жавоб бериб кўрайлик.

Биринчидан, ушбу акция муддати фармон ва қарорда аниқ белгилаб қўйилган бўлиб, уни узайтириш юзасидан амалда ҳали ҳеч қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмади.

Иккинчидан, жорий йил 4 март куни Ўзбекистон Республикасининг “Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Ушбу қонунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс “Ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик” мазмунидаги 681-модда билан тўлдирилди. Мазкур моддага асосан эса, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир баробаридан уч баробаригача, мансабдор шахсларга эса уч баробаридан беш баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, мазкур қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, кучга кириши белгилаб қўйилди.

Кўриниб турибдики, бир марталик умумдавлат акциясининг муддати узайтирилмайди, балки унинг ўрнига кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик учун тегишли маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилади. Шунга кўра, турли миш-мишларга ишонаётган юртдошларимиз Президентимиз томонидан берилган ушбу имкониятдан ўз вақтида фойдаланиб қолиши мақсадга мувофиқ. Зеро, ўтаётган ҳар бир кун турар жойингизга бўлган мулк ҳуқуқингиз йўқолиб боришига сабаб бўлаётганини унутмаслик керак.

Улуғбек Исматиллаев,
Наманган вилояти адлия бошқармаси
бошлиғининг биринчи ўринбосари

ЎзА
2 129