Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

27.07.2018 15:11 Чоп этиш версияси

Бир мамлакат хавфсизлиги бошқа давлат ҳисобидан таъминланиши мумкин эмас!

Бир мамлакат хавфсизлиги бошқа давлат ҳисобидан таъминланиши мумкин эмас! Дунё миқёсида терроризм, экстремизм, наркобизнес, оммавий қирғин қуроллари тарқалишига ва бошқа хавф-хатарларга қарши кенг миқёсда кураш олиб борилаётир. Айни пайтда ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага 182 та давлат имзо чеккан бўлиб, улардан 153 таси, шу жумладан, АҚШ, Россия Федерацияси ва Франция уни ратификация қилган.

Шартномада қайд этилганидек, 44 мамлакат ядро салоҳият ва техникасига эгадир. Ушбу ҳужжатнинг ўзи ҳанузгача кучга киргани йўқ. 1996 йилдан шартноманинг тайёргарлик комиссияси иш олиб боряпти. Бюджет маблағи 120 миллион долларга тенг. Бу идорада 260 га яқин ходим фаолият юритмоқда.

Маълумотларга кўра, 1989 йилдан буён ядро синовлари ўтказилмаётир. Далил ва рақамлар шуни кўрсатадики, АҚШ 1032 та (1945-1992), собиқ Совет Иттифоқи 715 та (1949-1990), Буюк Британия 45 та (1952-1991), Франция 210 та (1960-1996), ХХР 45 та (1964-1996) ядро қуроли синовини амалга оширган. Бу кўрсаткич 1945 йилдан 1996 йилгача 2 мингтадан ортиққа тенг. 1996 йилнинг сентябрида шартнома имзоланишига бир баҳя қолган пайтда 10 га яқин ядро қуроли портлашлари ўтказилган.

Ядросиз ҳудудлар хусусида сўз борганда, ҳозир улар сони 6 тага етганлигини таъкидлаш жоиз. Булар - Антарктикада (1959 йилдаги шартнома), Лотин Америкасида (1967 йилдаги Тлателолко шартномаси), Тинч Океанининг Жанубий қисмида (1985 йилдаги Роротонга (Rorotonga) шартномаси), Жанубий-Шарқий Осиёда 1995 йилдаги Бангкок шартномаси), Африкада (1996-йилдаги Пелиндаба шартномаси) ва ниҳоят, Марказий Осиёда (2006 йил Семипалатинск шартномаси).

Ўзбекистон 1992 йилнинг май ойида Марказий Осиё республикалари орасида биринчи бўлиб ядро қуролларини тарқатмаслик шартномасини имзолаган. Ҳозирги замон воқелиги шундайки, бир мамлакатнинг хавфсизлиги бошқа давлат ҳисобидан таъминланиши мумкин эмас. Минтақа хавфсизлигини бутун жаҳон хавфсизлиги муаммоларидан ажралган ҳолда кўриб бўлмайди. Шунга асосланиб, Ўзбекистон ядро қуролининг батамом тугатилиши учун, ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг самарали ҳаракат қилиши ва унинг ҳеч бир муддатсиз узайтирилиши учун ҳаракат қилади. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг ядросиз зона деб эълон қилинишининг қатъий тарафдоридир.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш бўйича даъвати минтақа давлатларининг ядросиз ривожланиш ҳамда оммавий қирғин қуролларининг назоратсиз тарқалиши таҳдидларига қарши фаол кураш йўлидаги ҳаётий манфаатларига тўлиқ жавоб беради. 2014-йилнинг 6 май куни БМТнинг Нью-Йорк қарогоҳида беш ядровий давлат – АҚШ, Буюк Британия, Франция, ХХР ва Россия давлатлари томонидан Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш ҳақидаги шартномага кўра хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги протокол имзоланди. Мазкур оламшумул ҳужжат, бу – Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ядровий қуролларнинг глобал тарзда тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Барча ядро қуролига эга давлатлар билан илк маротаба бир вақтнинг ўзида бу протоколнинг имзоланиши жаҳон тажрибасида ҳали кузатилмаган. Ядро қуролидан холи зонанинг ташкил этилиши минтақа тинчлиги ва хавфсизлиги таъминланишининг муҳим омили бўлди.

Ядро қуролидан ҳоли ҳудуд бу хавфсизлик кафолатидир.

Марказий Осиёдаги Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатлари энди шартномада кўзда тутилганидек, ядро қуролларини ишлаб чиқариш, сотиб олиш, жойлаштиришга қарши шартнома мажбуриятига қатъий риоя қилади. Томонларга ядро энергетикасини тинч мақсадда ривожлантириш ҳуқуқи берилган.

1997-2002 йилларда БМТнинг қуролсизланиш масалалари ва халқаро атом энергияси ташкилоти –МАГАТЭнинг экспертлари иштирокида Марказий Осиёни ядро қуролидан холи зонага айлантириш масаласи бўйича Женева, Ашхобод, Тошкент, Саппоро ва Самарқанд шаҳарларида амалий учрашув ўтказилди.

Марказий Осиё минтақаси Шимолий Ярим шардаги биринчи ядро қуролидан холи ҳудуд эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу макон қуруқлик билан ўралган бўлиб, денгизга чиқишнинг имкони йўқ. Қолаверса, ядро қуролига эга Россия ва ХХРдек икки
қудратли мамлакатлар билан чегарадошдир. Шунингдек, ядро қуроли бор мамлакатлар рўйхатида турган Ҳиндистон ва Покистонга ҳам туташган.

Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббус БМТ хавфсизлик кенгашида 2004 йили қабул қилинган 1540 резолюцияси ядро қуролини сотиб олиш ва тарқатиш, ядро, кимёвий қуроллар ҳамда уларнинг террорчилар қўлига бориб етмаслигининг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон 2011 йилнинг март ойидан буён Марказий Осиё ядро қуролидан холи ҳудуд шартномасини тадбиқ этиш масаласи бўйича координаторлик вазифасини бажариб келаётганлигини унутмаслик даркор.

Марказий Осиё ядро қуролидан холи ҳудуд шартномасини ратификация қилиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йилнинг 26 январида қонун қабул қилинди. 2007 йилнинг 30 мартида Сенат томонидан мазкур қонун маъқулланган. 2007 йилнинг 2 апрелида “Марказий Осиё ядро қуролидан холи зона тўғрисида”ги Шартномани ратификация қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди.



Азимжон Пўлатов, ЎзА
3 740