ЎзА Ўзбек

16.08.2018 19:53 Чоп этиш версияси

Бир кунлик сусткашлик бутун мавсумга зарар келтириши мумкин

Бир кунлик сусткашлик бутун мавсумга зарар келтириши мумкин Навоий вилоятида 2018 йил ҳосили учун 33 минг 800 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Барча агротехник тадбирларни ўз вақтида, белгиланган талаблар асосида амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябрдаги “2018 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш чора-тадбирлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ҳам кундалик назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

– Ўрганишлар мавжуд 804 та культиватордан 529 таси ишлатилгани, қолганлари культивацияга жалб қилинмаганини кўрсатди, – дейди инспексия вилоят бошқармаси бош инспектори М.Мансуров. – Ишчи органлари носоз культиваторларни ғўза парваришига жалб қилиши оқибатида сифатсиз культивациялаш ҳолатларига йўл қўйиб келинган. Жумладан, Кармана туманида 120 та культиватордан фақат 52 таси ишга жалб этилган. Чопиқ тракторлари ҳимоя воситалари билан жиҳозланмаган, культиваторларни “балиқ сирти” қилиб ўраш ишлари ниҳоясига етказилмаган. Шунингдек, Қизилтепа, Хатирчи, Навбаҳор туманларида ҳам ғўза агротехник тадбирларида юқоридаги каби қатор камчиликлар аниқланди.

Ўрганишлар давомида инспекция ташаббуси билан қўшимча 15 та техника культивация ишларига жалб этилди ҳамда 22 культиваторнинг бутлиги, ишга яроқлилиги кўздан кечирилиб, тўлиқ таъмирланди.

Шунингдек, вилоятда 2018 йил дефолиация мавсумида 151 та ОВХ пуркагичи иштирок этиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 10 таси носоз ҳолда экани аниқланди. Мисол учун, Хатирчи туманидаги “Ҳамро бобо” фермер хўжалигига тегишли пуркагичнинг ҳаракат узатиш мосламаси носозлиги, сув фильтрлари, мономерт ҳамда шланглари яроқсизлиги маълум бўлди. Кармана, Навбаҳор, Конимех ва Қизилтепа туманларида ҳам худди шундай камчиликларга йўл қўйилган.

Вилоятда парваришланаётган ғўза майдонларида агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш учун 53 та механизаторлар уйи ташкил этилган. Ушбу масканларда механизаторларнинг дам олиши учун шароит яратилган бўлса-да, айрим туманларда бир қатор камчиликлар мавжуд. Айни пайтда мазкур нуқсонларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Мавсумнинг қурғоқчил келиши сувдан самарали фойдаланиш ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик, ғўза парваришланаётган майдонларни навбатлаб, шарбат усулида суғориш ишларини ташкил қилишни талаб этмоқда. Бироқ, бу борада ҳам айрим фермер хўжаликлари томонидан жиддий хатоликларга йўл қўйилаётир. Жумладан, Қизилтепа туманидаги “Нигорабону Севарахон” фермер хўжалигининг 6 гектар ғўза майдонига сув таралгани, лекин сувчиларнинг эътиборсизлиги ва суғориш ишларининг қаровсиз қолдирилгани туфайли 0,30 гектар майдон кўллатиб юборилгани аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан фермер хўжалиги раҳбаридан тушунтириш хати олинди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
4 697