ЎзА Ўзбек

31.07.2018 18:47 Чоп этиш версияси

Бир кунда уч фильм тақдимоти

Алишер Навоий номидаги киносаройда “Ўзбеккино” миллий агентлиги “Ҳужжатли фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонаси томонидан “Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси”, “Ҳаёт қайиғи” ҳамда “Осуда ҳаёт қадри” номли ҳужжатли фильмлар тақдимоти ўтказилди.

Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Авлонийларнинг аянчли тақдири акс эттирилган “Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси” фильми ҳеч бир томошабинни эътиборсиз қолдирмади.

“Ҳаёт қайиғи” номли фильмда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ҳаёти ва ижоди ҳикоя қилинган. Унда адибнинг ибратли ижод ва ҳаёт йўли ҳақида томошабин учун қизиқ ҳамда қимматли маълумотлар келтирилган.

“Осуда ҳаёт қадри” фильмида эса муқаддас динимизни ниқоб қилиб тинчлигимизга таҳдид солишга уринаётган қора кучлар, уларнинг пуч ғояларига ишониб, ўзи билмаган ҳолда бу каби гуруҳлар тузоғига илинаётган ёшлар ҳаёти акс эттирилган. Фильм томошабинни чин маънода осуда ҳаёт қадрига етишга чақиради.


Инобат Аҳатова, ЎзА
2 787