ЎзА Ўзбек

11.09.2020 Чоп этиш версияси

​Бир қатор ҳудудлар чегаралари ўзгартирилди

​Бир қатор ҳудудлар чегаралари ўзгартирилди

Давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳрининг Зангиота ва Сергели туманларига ҳамда июнь ойида Наманган вилоятига ташриф буюрган эди.

Ушбу ташрифлар давомида Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятининг салоҳиятини ҳар томонлама юксалтиришга қаратилган қатор янги ғоялар илгари сурилди, масъулларга тегишли амалий кўрсатмалар ва вазифалар берилди.
Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 69, 78-моддаларига ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Қонунининг 18, 23 ва 25-моддаларига мувофиқ, “Тошкент вилояти Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманларининг, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисида”ги Олий Мажлис Сенатининг Қарори тасдиқланди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил май ойида Зангиота ва Сергели туманларига ташрифи давомида жамоатчилик вакиллари билан ўтказилган учрашувда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф Президентимиз томонидан илгари сурилган эди. Ушбу таклиф жорий йил июль ойида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланиб, Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш масаласи халқ депутатлари Тошкент шаҳар ҳамда Тошкент вилояти Кенгашлари томонидан маъқулланган.
Янгидан барпо этилаётган Янгиҳаёт туманига Тошкент шаҳридан 2 131,2 гектар ҳамда Тошкент вилоятидан 2 288,4 гектар, жами 4 419,6 гектар ер майдони ажратилиб, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегаралари мувофиқлаштирилмоқда.
Бу билан Янгиҳаёт туманида 115 та саноат корхонаси, 277 та хизмат кўрсатиш корхонаси, 1 148,8 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар ва 388,8 гектар аҳоли томорқа ерлари назарда тутилган.
Қайд этиш жоизки, янги ташкил этилаётган туман Тошкент шаҳар бўйсунувидаги туманлар тоифасига киритилиб, аҳолиси 147 минг нафарни ташкил этиб, шаҳар аҳолисининг 5,8%ни қамраб олади. Шунингдек, 47 та штат бирлигидан иборат туман ҳокимлиги, вазирлик ва идораларнинг туман бўлимлари ташкил этилиши натижасида бошқарув самарадорлиги ошишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилаш мақсадида туманни комплекс ривожлантириш ва келгусида истиқболини белгилаш бўйича алоҳида Дастур ишлаб чиқилиши белгиланган.
Шунингдек, мажлисда “Наманган вилоятининг Наманган шаҳар таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисида”ги Олий Мажлис Сенати қарори ҳам тасдиқланди.
Таъкидлаш лозимки, Давлатобод туманига 1977 йил 29 августда асос солинган бўлиб, унинг ҳудуди 1 125 гектарни ташкил қилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2003 йил 12 декабрдаги қарорига асосан туман тугатилган ва 2004 йил 1 январдан Наманган шаҳри таркибига қўшиб юборилган эди.
Муҳокама қилинган Сенат қарорига кўра, Наманган шаҳри ҳудудининг 4 686 гектар (26%) ер майдонида Давлатобод тумани ташкил этилиб, илгари 2004 йилгача фаолият кўрсатган Давлатобод тумани ҳудудига нисбатан қарийб 4,2 баробарга кенгайтирилмоқда.
Шу билан бирга, Давлатобод тумани шаҳар таркибидаги туман тоифасига киритилиб, 21 та штат бирлигидан иборат туман ҳокимлиги, вазирлик ва идораларнинг барча туман бўлимлари ташкил этилиши белгиланмоқда.
Янгидан ташкил этиладиган туман ҳудудида 25 та маҳалла фуқаролари йиғини, 33 850 та хонадон, 421 та кўп қаватли уй, 3 та касб-ҳунар коллежи, 18 та умумтаълим мактаби, 24 та мактабгача таълим муассасаси, 5 та тиббиёт муассасаси, 1 280 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари, 698 та хизмат кўрсатиш объекти, 429 та саноат корхонаси ҳамда 2 та маданий мерос объекти мавжуд. Мазкур туман аҳолиси 149,6 минг нафарни ташкил этиб, Наманган шаҳар аҳолисининг 23,8 фоизини қамраб олади ва истиқболда замонавий кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига урбанизация жараёни жадаллашишига, шунингдек, янги инфратузилма объектлари барпо этилиши ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига хизмат қилади.
Таъкидлаш лозимки, Тошкент вилояти Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманларининг, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ва Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисидаги Олий Мажлис Сенати Қарорларининг маъқулланиши келгусида мазкур ҳудудларнинг янада тараққий этишига дастуриламал бўлади.

4 321
ЎзА