Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.05.2018 12:07 Чоп этиш версияси

БИР АДАШГАН КЕЧИРИЛДИ

Инсон ҳаётда адашиши мумкин. Муҳими, кейинчалик тўғри йўлга тушиб олишидир. Қонунни бузган одамнинг гуноҳини кечириб, жамиятга қайтариш уни жиноят кўчасига қайта киришдан асрашнинг ишончли йўлидир.

Бугунги кунда судлар томонидан билиб-билмай жиноят кўчасига кирган, айниқса, таъқиқланган диний экстремистик ва ақидапарастлик ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларга оид ишларни кўришда қонунда назарда тутилган жазо жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламаслиги ҳақидаги принципларга қатъий риоя қилинмоқда.

Андижон вилоятида туғилган А.Мамадалиев ҳам интернетга уланиб, Ўзбекистон Республикасида фаолияти таъқиқланган диний экстремистик ташкилоти етакчиси Муҳаммад Тоҳир Форуқнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларини профилига кўчириб тарқатиш билан шуғулланган. Шунингдек, уяли алоқа воситасидаги профили кўздан кечирилганида, Муҳаммад Тоҳир Форуқнинг фикрлари ёзилган диний мавзулардаги материаллар сақланганлиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилган ушбу жиноят иши ҳам кейинчалик вилоят судида кассация шикояти асосида кўриб чиқилиб, А.Мамадалиевнинг оилавий шароити, судланмагани, ёшлиги, оиласида 2-гуруҳ ногирони акаси борлиги ва бошқа ҳолатлар инобатга олинди. Онаси ҳам фарзандини қилган ҳаракатларига кечирим сўради.

– Албатта, жиноят содир этган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт, бироқ ушбу жазо адолатли бўлиши ҳам қонунда кўрсатилган, – дейди жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судьяси Ш. Умаров. – Суд юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, А.Мамадалиевга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаб, қамоқдан озод қилди. Албатта энди у бундан тегишли хулоса чиқариб, ҳалол меҳнати билан юрт равнақига ҳисса қўшиши лозим.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
6 974