ЎзА Ўзбек

26.07.2018 20:57 Чоп этиш версияси

Бино ва иншоотларни қуришда жамоатчилик фикрига таянилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган “Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи иштирокида муҳокама ташкил этилди. Таъкидлаш жоиз, ушбу ҳужжат фракциялараро қизғин баҳс-мунозарани келтириб чиқарди.

Мазкур қонун лойиҳаси шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ечимларнинг муҳокамаси ва қабул қилинишида жамоатчилик иштироки таъминланишига қаратилган.

Амалдаги Шаҳарсозлик кодексининг 10-моддасида фуқароларнинг шаҳарсозлик фаолиятига оид ҳужжатларнинг тайёрланишида иштирок этиш ҳуқуқи акс эттирилган. Аммо бу борада аниқ механизм мавжуд эмас. Шу боис фуқаролар ўз фикрларини умумий тартибда ариза ва шикоятлар тарзида ифодалаш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали билдириш билан чекланиб қолмоқда.

Мамлакатимизда давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бироқ шаҳарсозлик фаолияти ўта мураккаб жараён ҳисобланиб, унда жамоатчилик назорати механизмининг тўлақонли ўрнатилиши учун қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритилишини тақозо қилади.

Депутатлар муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасининг долзарблигини таъкидлаб, унинг шаҳарсозлик фаолияти очиқлигини таъминлашга хизмат қилишини қайд этдилар. Тақдим этилган қонун лойиҳасида жамоатчилик муҳокамасини ташкил этишнинг тартиби, мазкур соҳадаги жамоатчилик экспертизаси институтининг тартибга солиниши ва жамоатчилик экспертизаси натижаларининг қайд этилиши, муқобил лойиҳа институти киритилиши, шаҳарсозлик фаолияти бўйича расмий ахборот берилиши тартиби ҳамда шаҳарсозлик, лойиҳалаш ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қарорларни қабул қилиш тартибини аниқлаш масалалари ўз аксини топган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, кейинги пайтларда аксарият ҳолларда кўп қаватли уй-жойлар аҳолининг, кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганмасдан барпо этилмоқда. Улар шаҳарсозлик қонун-қоидаларига қай даражада мослаштирилаётгани, лойиҳалар қачон ва ким томонидан тасдиқлангани, аҳолининг фикри олинган-олинмагани жамоатчилик назоратини ўрнатишда ўта муҳим аҳамиятга эга. Давлат органларининг шаҳарсозлик соҳасидаги фаолиятида очиқлик ва шаффофлик таъминланмаган, натижада аҳоли томонидан давлат органларига нисбатан ҳақли эътирозлар билдирилмоқда. Шу боис фракция томонидан қонун лойиҳасида аҳолининг фикри олингандан кейин шаҳарсозлик ҳужжатлари тасдиқланиши шартлиги белгилаб қўйилиши мақсадга мувофиқ, деган таклиф илгари сурилди.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси вакиллари партиянинг дастурий мақсад-вазифаларидан бири мамлакатимиз шаҳарларининг маданий ёдгорликларини, тарихий иншоотлар ва меъморий обидаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш, шунингдек, уларнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, тарихий жойлар, меъморий ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осори-атиқалар сифатида асраб-авайлаш ҳисобланишини таъкидладилар. Шу нуқтаи назардан, шаҳарсозлик нормаларига зид бўлган ҳолатларга кенг жамоатчиликнинг муносабати ва фикрларини инобатга олган ҳолда, муаммоларни бартараф этиш, тарихий обидаларга зарар етказувчи бинолар қурилишини тўхтатиш, олдини олиш ва меъёрдан баланд уй-жой, биноларни қуриш каби ҳолатларга чек қўйиш лозимлиги айтилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари партиянинг Сайловолди платформасида ҳам уй-жой коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, бунинг учун зарур муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмани жадал тараққий эттириш масалаларига алоҳида урғу берилганини таъкидладилар. Шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатадиган транспорт тизимини, тежамкор ерусти транспорти турларини ривожлантириш, велойўлакларни қуриш ва бошқа қулайликларни яратиш муҳим вазифалар этиб белгиланган.

“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрича, мамлакатимизни ривожлантириш юзасидан тайёрланаётган стратегия ва унинг ижроси билан боғлиқ бўлган тактикани белгилаб берувчи дастурларнинг қабул қилинишида жамоатчилик муҳокамаси асосий ўрин тутиши ҳамда уларнинг амалга оширилишида жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат идораларининг халқ учун очиқлик асосида ишлашига доир чора-тадбирларни амалга ошириш асосий вазифага айланмоғи керак.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи жамоатчилик назоратига доир нормалар миллий шаҳарсозлик қонунчилигимизда тўлақонли акс эттирилиши келгусида бино ва иншоотларимизнинг экологик, санитария талабларига мос равишда қад кўтарилишида муҳим ҳуқуқий база бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар. Жорий йилнинг 6 ойи давомида айнан шаҳарсозлик, қурилиш билан боғлиқ 400 дан ортиқ мурожаат келиб тушганлиги қайд этилди. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти қурилаётган бино ва иншоотларнинг экология, санитария талабларига мос эмаслиги хусусида эканлиги айтилди.

Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан реконструкция қилиш, ободонлаштириш, қурилиш учун ер ажратиш, аҳоли соғлиғи ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган хўжалик субъектларининг шаҳар ҳамда аҳоли пунктларида жойлаштирилиши бўйича жамоатчилик экологик экспертизаси ва мониторинги институти нормалари киритилиши мақсадга мувофиқдир, деган фикрни илгари сурдилар.

Бир сўз билан айтганда, баҳс-мунозаралар натижасида депутатлар мазкур қонун лойиҳаси долзарб ва муҳим эканлиги, унинг қабул қилиниши шаҳарсозлик фаолиятининг очиқлигини таъминлаши ҳамда жамоатчилик манфаати инобатга олиниши учун хизмат қилади, деган хулосага келдилар.

Нурилло Насриев, ЎзА
3 176