Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2018 13:43 Чоп этиш версияси

"Бинафша" янги бинода

Жиззах вилоятида 2017-2021 йилларда 9 минг 850 ўринли 81 мактабгача таълим муассасаси ишга туширилиши мўлжалланган. 2017 йилда мактабгача таълим муассасаларининг 7 таси реконструкция қилиниб, 8 таси мукаммал таъмирланди.

Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги "2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Фориш тумани марказида ўтган асрнинг 30-йилларида қурилган мослаштирилмаган бинода жойлашган “Бинафша” 2-мактабгача таълим муассасаси икки қаватли замонавий янги бинога кўчиб ўтди. Дастурга мувофиқ, давлат бюджетидан 1 миллиард 70 миллион сўм маблағ сарфланган бинода барча қулайликлар мавжуд.

Янгиланган мактабгача таълим муассасасида 90 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Инглиз, рус тилларини ўргатиш, мусиқа ва расм чизиш машғулотлари таълим меъёрлари талаблари даражасида олиб борилаётир.

– Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга, бунда айниқса, чекка қишлоқ туманларига қаратаётган алоҳида эътиборидан нафақат биз, тарбиячилар, балки ота-оналар ҳам ғоят мамнун, – дейди ушбу мактабгача таълим муассасаси мудираси Ш.Каримова. – Бизнинг муассасамиз туманда биринчи бўлиб замонавий бинога эга бўлгани ҳам фикримни тасдиқлайди.

Айни пайтда вилоятда 193 мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларга мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг 22,3 фоизи қамраб олинган.

Жорий йилда барча қулайликларга эга 1 та замонавий мактабгача таълим муассасаси қуриш, 11 та таълим муассасаси биносини реконструкция қилиш, 3 тасини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Дастурга киритилмаган 68 давлат мактабгача таълим муассасасини маҳаллий бюджет маблағлари, ҳомийлар ҳисобидан жорий таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётир.

Бундан ташқари, вилоятда 135 тадбиркор нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш истагини билдирган. Улардан 40 нафари бўш турган, таъмирталаб иншоотларни "ноль” қийматда харид қилиш, 24 нафари ўз балансида бўлган биноларда нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этишни режалаштирган.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 440