ЎзА Ўзбек

11.02.2019 15:59 Чоп этиш версияси

Билим ва малака фаолиятда асқотади

Билим ва малака фаолиятда асқотади

Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти томонидан сайёр ўқув йиғини ўтказилмоқда. Унда шаҳар ва туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари, ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, профилактика инспекторлари хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда билим ва малакасини оширмоқда.

Мамлакатимизда ички ишлар органлари тизимини такомиллаштириш, уларнинг қуйи бўғинларини аҳолига янада яқинлаштирган ҳолда мустаҳкамлаш, ходимларнинг билим ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 23 августдаги “Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

photo5409135113582783142.jpg

Ички ишлар вазирлигига қарашли Фарғона академик лицейида ташкил этилган мазкур ўқув йиғинида тингловчиларга ҳудуддаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда ички ишлар органларида хизматни тўғри ташкил қилиши учун тизимдаги ислоҳотлар, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, жиноятларнинг олдини олиш ва фош этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида тегишли тавсиялар берилмоқда. Ўқитишнинг замонавий шакл ва усуллари, энг янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, масофадан ўқитиш тизими кенг жорий этилиб, профессор-ўқитувчилар ҳар бир мавзуни чуқур таҳлил асосида олиб бормоқда.

– Малака ошириш институти ташкил этилгани нафақат оддий ходимлар, балки раҳбарлар ҳам хизматдан ажралмаган ҳолда тўлиқ таркибда малака оширишини, амалиётдаги янгилик ва илғор тажрибаларни тезкор етказиш имкониятини яратмоқда, – дейди Малака ошириш институти бошлиғи, подполковник Абдураҳмон Пардаев. – Ўқув дастурлари ҳудуднинг криминоген вазиятидан келиб чиқиб ташкил этилаётгани ички ишлар органлари ходимлари учун ҳам муҳим аҳамият касб ютмоқда. Албатта, яхши тажриба, билим ва малакага эга бўлган ички ишлар органи ходими халқ манфаати йўлида самарали фаолият олиб боради.

Ўқув жараёнида тингловчилардан анкета сўровномаси ўтказиш орқали амалиётда мавжуд муаммо ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар олиниб, илғор тажрибалар ўрганилмоқда, бошқа ҳудудларда оммалаштириш бўйича вазифалар ишлаб чиқилмоқда.

М.Сулаймонов, ЎзА​​
1 588