ЎзА Ўзбек

02.03.2019 09:21:18 Чоп этиш версияси

“Библиобуслар“ қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатади


Наманган шаҳрида жойлашган Нодирабегим номидаги ахборот-кутубхона маркази 100 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги янги лойиҳа ишлаб чиқди.

Лойиҳа ушбу мажмуани тубдан модернизация қилишга йўналтирилган. Жумладан:

– кутубхона ёнида шинам китоб савдо маркази ташкил этилади; 
– вилоятнинг чекка маҳалла ва овуллари аҳолиси, айниқса, ёшлар мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида Агентлик томонидан махсус жиҳозланган “Библиобус” йўлга қўйилади.

“Библиобус”лар ҳам кутубхона, ҳам китоб дўкони сифатида сайёр хизмат кўрсатади. Унинг ёрдамида ўқувчилар кутубхонага эмас, кутубхона ўқувчилар олдига боради.

Юртбошимиз мазкур лойиҳа билан танишар экан, уни қўллаб-қувватлашини, жумладан, ушбу маънавий қимматга эга лойиҳани қисқа муддатда амалга ошириш лозимлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари, шунингдек, қарийб ярим гектарга тенг майдонда жойлашган кутубхона теварагини китоб мутолаасига қулай, осойишта бўлиши лозимлигини қайд этди.