ЎзА Ўзбек

10.03.2020 Чоп этиш версияси

Бибисора Туробовадан “Келин салом“

Бибисора Туробовадан “Келин салом“

Устоз шоира Бибисора Туробованинг “Келин салом“ шеърий тўплами чоп этилди. Китоб замонавий кўринишга эга бўлиб, унга шоиранинг энг сара шеърлари киритилган. 

Тарихимизда Нодирабегим – Моҳлар Ойим, Жаҳон Отин, Зебунисо каби халқимиз севган шоиралар яшаб ижод қилишган. Янги даврда эса Зулфияхоним, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Фароғат Камол, Қутлуғ Бека каби ижодкорларимиз эл муҳаббатига сазовор бўлишди.

Мана шу севимли адиблар даврасида Бибисора Туробова ўз овози, сўзи, ўз дарду армонларига эга бўлган ҳассос ижодкорлардан биридир.

Тўпламга асосан шоиранинг бир қанча янги шеърлари киритилган. Ватан муҳаббати ва садоқати, аёл қувончи ва ташвишлари, оналик 
туйғулари шоиранинг шеърларида нафис назмий санъат ила ифода этилади. Тўпламни шоир Мирзо Кенжабек нашрга тайёрлади. 


ОСТОНАНГДА ТУРИБМАН

Эшигинг оч, остонангда турибман, 
Бу ёлғон дунёда Ҳақ деб юрибман. 
Тиламчингман, бўш қайтарма қўлимни, 
Ўзингга бур аросатли йўлимни. 
Эшигинг оч, остонангда турибман, 
Бу ёлғон дунёда Ҳақ деб юрибман, 
Ўзингга бур ибодатли йўлимни, 
Жойнамозда насиб қилгин ўлимни... 
Эшигинг оч, остонангда турибман...

ЖАНОЗАМНИ БУЛБУЛ ЎҚИСИН... 

Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин, 
Куйиб ўтган умрим шарҳини айтсин. 
Бардошим ҳақида ашъор тўқисин, 
Мендан норизолар фикридан қайтсин. 

Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин, 
Айтолмай қолганим десин Аллоҳга. 
Саловатлар айтсин тўплаб бор кучин, 
Билмаган-билганим десин Аллоҳга. 

Ўлсам, олов таним муз билан ювинг, 
Токи кафанларим кетмасин куйиб. 
Ювгач, юрагимга парча муз қўйинг, 
Борай ҳузурига озгина совиб. 

Ўлсам, кафанимни булутдан қилинг, 
Ёмғирга айлансин – ёруғ қабрда. 
Қабримни қазсангиз, сал кенгроқ олинг, 
Гуноҳкор бандага тор гўр жабр-да. 

Ўлсам, чинор экинг қабрим бошига, 
Токи соясида қилинг тиловат. 
Чўмилиб яшадим кўзим ёшига, 
Йиғламанг, сиз фақат қилинг қироат. 

Кичкина ясатинг қабр тошимни, 
Қуръон оятларин ёздиринг ўйиб. 
Ёзманг қабртошга умрим, ёшимни, 
Мен сафарга кетдим чориғим кийиб. 

Ўлсам, оёқ томон, ўнг томонимга, 
Тўрт киши сиғарлик курси ясатинг. 
Соғиниб келсангиз, Ихлосни ўқинг, 
Қабримни гул эмас, Қуръон безасин. 

Ўнг тарафдан келинг, оёқ тарафдан, 
Токи кўрсин сизни очиқ кўзларим. 
Ўлим ҳақ эканин оласиз-да тан, 
Қувонай, келди, деб, ўғил-қизларим. 

Ўлсам, йўқлаб туринг, билинг, кутаман, 
Чунки сиз деб ўтдим ўзимдан кечиб. 
Йўқламай қўйсангиз, зардоб ютаман, 
Ётаман гўрда ҳам кўз ёшим ичиб. 

Ўлсам, умрим шарҳин набираларга 
Яширмай, ўчирмай борини сўзланг. 
Интиқ кутганимни уларни ҳамда 
Ёниб ўтган кўнглим зорини сўзланг. 

Ўлсам, шеърларимни авайлаб-асранг, 
Имконини топиб, топширинг элга. 
Биламан, эл ўқир соғиниб, севиб, 
Ўтар ёзганларим қўллардан-қўлга. 

Ўлсам, аҳил бўлинг, меҳрибон бўлинг, 
Имконин топсангиз, тўланг қарзимни. 
Дуосини олинг мен севган элнинг, 
Мерос қолдираман сизга сабримни. 
Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин...

4 791
ЎзА