Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 18:43 Чоп этиш версияси

БИ-БИ-СИда (ВВС) Орол ҳақида фильм

БИ-БИ-СИда (ВВС) Орол ҳақида фильм Қорақалпоғистон Республикасида ижодий сафарда бўлган Буюк Британиянинг Би-Би-Си телерадио корпорациясининг жаҳон хизмати ижодий жамоаси Орол муаммоси хақида қисқа метражли фильмни суратга олиш ишларини якунлади.

Журналист ва продюсер Рустам Қобил, видео продюсер Пол Ҳаррис тўрт кун давомида Мўйноқ туманида, Орол денгизи қирғоқларида бўлиб, экологик инқирознинг олдини олиш, халқнинг турмуш даражасини яхшилаш йўналишида амалга оширилаётган ишларни суратга олди. Шунингдек, ўрмон хўжалиги томонидан Орол денгизининг қуриган майдонларида саксовул, қандим, черкез каби тузга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни уруғдан ҳамда кўчатдан экиш ишларини кузатди.

Президентимизнинг 2017 йил 28 февралдаги “2017-2018 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилган лойиҳалар, аҳоли соғлигини сақлаш ва бандлигини таъминлаш йўналишидаги ишларни суратга олиб, туман аҳолиси билан суҳбатлашди.

2.jpg

– Ўзининг кўрсатувлари билан эшиттиришларини дунёнинг 40 дан ортиқ тилларида олиб борадиган Би-Би-Си телерадио корпорацияси глобал иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича қатор қисқа метражли фильмларни суратга олиш ишларини бошлади, – дейди журналист-продюсер Рустам Қобил. – Бунинг учун ушбу муаммоларни бартараф этишда сўнгги йилларда яхши натижаларга эришаётган дунёнинг 10 давлати, шулар қаторида Ўзбекистон ҳам танлаб олинди. Фильмни суратга олишдан мақсадимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Орол инқирозининг оқибатларини бартараф этиш, экологик ҳудудда яшаётган аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларни дунё жамоатчилигининг эътиборига ҳавола этиш бўлиб ҳисобланади.

– Ўзбекистонда, шу жумладан, Қорақалпоғистонда биринчи маротаба бўлишим, – дейди видеопродюсер Пол Харрис. – Суратга олиш жараёнининг совуқ кунларга тўғри келиши бироз муаммолар пайдо қилди. Шундай бўлишига қарамасдан, халқингизнинг меҳмондўстлиги, маданияти билан миллий урф-одатлари менда алоҳида таассурот қолдирди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жаҳон ҳамжамиятининг қизиқишини оширмоқда. Келажакда ушбу муваффақиятлар ҳақида фильм олишни мақсад қилганмиз. Вақтнинг тиғизлигидан Қорақалпоғистон, унинг пойтахти Нукус шаҳридаги қурилиш ва оюодонлаштириш ишлари билан тўлиқ танишиш имкони бўлмади. Лекин, дунёга машҳур И.В.Савицкий номидаги санъат музейи экспонатларини томоша қилганимдан хурсандман.

Би-Би-Си телерадио корпорациясининг жаҳон хизмати ижодий жамоаси томонидан суратга олинган ушбу фильм яқин кунларда намойиш этилади.

А.Насирлаев, ЎзА
6 384