ЎзА Ўзбек

08.09.2020 Чоп этиш версияси

“BEVERLee Business”: Кимлардир маҳсулотларимизни нотўғри реклама қилаётган бўлса биз жавобгар эмасмиз

“BEVERLee Business”: Кимлардир маҳсулотларимизни нотўғри реклама қилаётган бўлса биз жавобгар эмасмиз
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг www.uza.uz расмий веб-сайтида 2020 йил 13 август куни «BEVERLee Businees» — ёлғонлар пирамидасими?» танқидий мақола эълон қилинган эди.

Ушбу мақола ўқувчилар томонидан кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда турли туман фикрлар билдирилди. Айни пайтда эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан мазкур танқидий мақола юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани таҳририятга билдирилди. 

Мақоладан сўнг “BEVERLee Business” МЧЖ мутасаддилари таҳририятимизга келиб эълон қилинган материалга нисбатан ўзларининг раддия матнини тақдим этишди.

Раддиянинг қисқача мазмуни шундай: 

“BEVERLee Business” масъулияти чекланган жамиятимиз Қозоғистон Республикасида жойлашган “BEVERLee Club” компаниясининг Ўзбекистондаги вакили ва консультатив маркази сифатида фаолият олиб боради. “BEVERLee Club” компанияси Японияда ишлаб чиқарилган 5 та номдаги - 1) Актив маржон кальций, 2) Коэнзим QH, 3) Super Omega, 4) For Beauty, 5) Double Luxury биологик фаол қўшимчаларни бизга шартнома асосида юборади. Маҳсулотларнинг Японияда ишлаб чиқарилганлиги тўғрисида ва ҳақиқийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бизда мавжуд. Юқорида айтилган маҳсулотларга тегишли ҳужжатлар: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган биологик фаол қўшимчаларни олиб киришга 000426 ва 000548 сонли РУХСАТНОМАЛАР (4 хил маҳсулотга) мавжуд. Битта маҳсулотга - Double Luxury кремига рухсатнома шарт эмас.

Жамиятимиз Ўзбекистон Республикаси “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига асосан қонун ҳужжатлари билан таъқиқланмаган ва таъсис ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳар қандай фаолият турлари билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шуғулланиши мумкин.

“BEVERLee саломатлик академияси” расмий телеграм каналимизда бизнинг маҳсулотларимиз 200 дан ортиқ дардга даво сифатида ҳеч қачон реклама қилинмаган. 
Лекин, қайсидир шахс, ушбу шахс “BEVERLee Club компанияси ҳамкори бўлиши ҳам мумкин, мухолифи бўлиши ҳам мумкин, ўзича биологик фаол қўшимчаларни интернетдаги ижтимоий тармоқларда реклама қилаётган бўлса, биз унинг рекламаси мазмунига жавобгар эмасмиз.

“BEVERLee Club” номидан интернетда расман эълон қилинган бирорта рекламада бизнинг 5 хил маҳсулотимиз дори сифатида ёзилган эмас. Ушбу маҳсулотлар веб-сайтдаги мақолада ёзилганидек, гўёки эмас, балки ҳақиқатдан ҳам Япония мамлакатида ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларни тасдиқловчи келиб чиқиш сертификатлари илова қилинади.

“BEVERLee Club” компаниясининг Ўзбекистондаги асосий фаолияти, биологик фаол қўшимчаларни аҳоли орасида консультатив маркази “BEVERLee Business” МЧЖ корхонаси орқали соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирилиги РУХСАТНОМАси асосида қонуний равишда олиб кирилган ва сертификатлаштирилган MAGIK PACK тўплами (активный коралловый кальций ва коэнзим QH), SUPER OMEGA, FOR BEAUTY ва крем-гель DOUBLE LUXURY лардан иборат бўлган бўлиб, Ўзбекистон аҳолиси орасида кенг тарғиб қилиняпти. 

Кейинги босқичда, истеъмолчилар маркетинги тизими таклиф сифатида тавсия этилади. Истеъмолчи маркетинги орқали мижознинг холислик дастури – замонавий товар-савдосининг шаклларидан бири бўлиб, у бутун дунёда жуда машҳурдир. 

Бизнинг мамлакатимизда ҳам айрим савдо мажмуаларида мижознинг холислик дастури (программа лояльности клиента) мавжуд. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги “Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида”ги 566 – сонли қарори эълон қилинган эди.

Шундан кейин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 4742 – сонли қарори қабул қилинди, қарорга илова тарзида “Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати эълон қилинди. Ушбу рўйхатда тақдимотлар ўтказувчилар, интернет-маркетолог, маркетолог, рекрутер, онлайн консультация бериш (онлай – консультант, онлайн-тренер, вебинар оли борувчи) каби фаолиятлар ушбу рўйхатда ёзилган. Бизнинг компаниямиз ҳамкорлари орасида бундай иш билан шуғулланувчилар кўпчиликни ташкил этади.

“BEVERLee Club” компаниясининг иштирокчилари ўзини ўзи банд қилиб, давлат бюджетига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Бизнинг МЧЖ, Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда ўз фаолиятини олиб боради ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасида рўйхатда туради ва қонунда белгиланган тартибда солиқ ва божхона тўловларини ўз вақтида мунтазам тўлаб келмоқда. Буни тегишли идораларда сўраб билиб олишингиз ҳам мумкин.

Биз ҳамма билан айниқса, оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ҳамиша ва бажонидил ҳар қандай мулоқотга тайёрмиз. Учрашмасдан, тегишли ҳужжатлар билан танишмай асоссиз мақола ёзишнинг ҳам бугунги қонунчиликда ўз масъулияти, жавобгарлиги бор.

Таҳририятдан: ЎзА холислик нуқтаи назаридан масаланинг барча томонларига минбар бўлишга, уларнинг важларини тинглашга, танганинг иккала тарафини ҳам кўрсатишга доим тайёр.
«BEVERLee Businees» фаолияти юзасидан ўтказган кенг ҳажмли навбатдаги суриштирув ишлари тез орада ЎзАда эълон қилинади.
Сайтимизни кузатиб боринг.

15 962
ЎзА