ЎзА Ўзбек

14.09.2020 Чоп этиш версияси

“BEVERLee Business” фаолиятига солиқ ва божхоначилар кўз юмаяпти...ми?

“BEVERLee Business” фаолиятига солиқ ва божхоначилар кўз юмаяпти...ми?

ИККИНЧИ МАҚОЛА

“BEVERLee Business” масъулияти чекланган жамияти ҳақида Ўзбекистон Миллий ахбороти агентлигида ёзилган маълумотлар ҳақиқатмиди ёки туҳмат? Биз сайтимизда эълон қилинган аввалги мақолани туҳмат ёки ҳақиқат экани бўйича қарор чиқаришни ўзингизга ҳавола этамиз ва шу билан бирга солиқ, прокуратура, божхона органларини ҳам вазиятни холисона ўрганишга чақирамиз.

Молиявий пирамида Ўзбекистон қонунчилигига кўра тақиқланган. Аммо, бундай бизнесга қўшилиб қолаётганларнинг аксарияти буни билмай қолишади. Шунинг учун келинг сизга, аввало, молиявий пирамиданинг энг асосий белгиларини айтиб ўтсак:

тез орада, осон бойиб кетиш ваъда қилинади;

асосий мақсад одамларни жалб қилиш;

бирон-бир маҳсулот ишлаб чиқармайди;

келаётган одамларга эса рамзий маънода фавқулодда ягона, дунёда топилмас ва ўз аналогларидан ўта қимматлиги билан ажралиб турувчи маҳсулот тавсия қиладилар. Чунки, асосий мақсад катта миқдорда пул билан қўшилувчи янги вакилни жалб қилиш;

маҳсулот эса шунчаки «биз тармоқли маркетинг билан шуғулланамиз», деб сизни ишонтириш учун керак бўлади;

ўзларининг ягона бўлган маҳсулотларини асосан яқинларингизга тавсия этиб, уларни ҳам жалб қилишингиз сўралади;

бу ишни ҳадисини сизга текинга ўргатади, ана шу текин «алдов йўриқнома»ларини улар молиявий текин маслаҳат деб аташади.

Шунга ўхшаш бизнес фаолияти билан бугун Ўзбекистонда “BEVERLee Business” масъулияти чекланган жамияти шуғулланиб келмоқда.

Унинг фаолиятидаги бир қанча масалалар бизга мавҳум туюлди. Афсуски, компания таъсисчисидан саволларимизга аниқ жавоб топа олмадик.

“BEVERLee Business” МЧЖ Ўзбекистонга маржон қоялари кальцийси ва “Коэнзим QH” биологик фаол қўшимчаларнинг ҳар бирини 2 АҚШ долларидан олиб киради. Ўзбекистонда мазкур фирма томонидан 2 АҚШ доллари миқдоридаги 9 та «мўъжизавий» қутида қадоқланиб 385 АҚШ доллари миқдорида сотилмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, ушбу икки биологик фаол қўшимчаларнинг умумий 9 таси 18 долларни ташкил этади. Аммо, фирма уларни бир неча баробар юқори нархга сотмоқда. Кириб келган нархга йўл кира, реклама ва бошқа харажатларни қўшганда ҳам маҳсулот нархининг бу даражада ортиб кетиши ақлга сиғмайди.

Қозоғистондан кириб келаётган мазкур маҳсулот Қозоғистонда ҳам 350 АҚШ долларида сотилаётганининг гувоҳи бўлдик. Айнан, “BEVERLee Business”нинг Олмаотадаги ҳамкори интернет орқали шу нархда худди шу маҳсулотларни 350 АҚШ долларига пулламоқда. Буни қарангки, бу маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси божхона ходимлари бехабар кўринади. 350 долларлик маҳсулот божхонага келиб 18 долларга айланмоқда. Божхона тўловларини шунга яраша оз миқдорда тўлаб бўлгач, сотувда яна 385 долларга айланяпти. Ушбу маҳсулот 2019 йилда 5 доллар миқдорида кириб келган. 2020 йилга келиб, “BEVERLee Business” маҳсулотлари 3 долларга арзонлашиб божхонадан 2 долларга ўтиб келмоқда. Божхона ходимлари агар қизиқса, маҳсулот нега чегарада арзонлашиб қолаётганини аниқлаши мумкин. Бунинг учун ишлаб чиқарувчининг юридик манзилига бир парча сўров хатини жўнатишнинг ўзи кифоя. Шунда балки, бюджетга тушмаган миллиардлар топилиб қолса, ажаб эмас.

Агар биз янглишаётган бўлсак, яна ўша савол очиқ қолади. Нима учун божхонадан 18 АҚШ долларига ўтган маҳсулот мамлакат ичида 385 долларга сотилмоқда. Қимматлашининг сабаби нимада? Айни саволга “BEVERLee Business” компанияси таъсисчиси Шохжаҳон Шердилов “Бизнинг маржон қоялари кальцийси ва “Коэнзим QH” биологик фаол қўшимчаларимиз (GMP, Good Manufacturing Practice) стандартлари асосида ишлаб чиқарилади. Шу сабабли ўта қиммат”, деб жавоб берди. Қизиқ унда фирма таъсисчиси айтган GMP стандарти маҳсулоти нега божхонада арзонлашиб қолмоқда?

“BEVERLee Business” таъсисчиси Шахжахон Шердилов маҳсулот қимматлигига яна бир «салмоқли» важни келтирди. «Сиз Шевролет автомобилини танлайсизми ёки Ламборжини. Иккиси ҳам автомобиль, аммо уларни нархида катта фарқ бор.» Яъни у киши ўз маҳсулотини Ламборжинига қиёсламоқда. Қизиқ, Шердилов Ламборжинини ҳам божхонадан Шевролет нархида олиб ўтармикин? Балки, олиб кирар уларда бу бўйича тажриба катта-ку, ишонадиган божхоначилар топилса бас.

Дарвоқе, бонуслар солиғини тўлаганмисиз?

Бугунгача, Ўзбекистонда маржон қоялари кальцийсини мўъжизавий хусусиятини мақтаб пуллаган ва орқасидан икки юздан ортиқ “дум”ларни кўпайтириб пирамида юқорисига чиққан фуқароларимиз ҳам бор. Бу ҳақида компания очиқ маълумотлар бериб боради.

Масалан, “BEVERLee Business” МЧЖ «Кумуш» даражасига етган аъзоларига 350, «Золота» (Олтин) даражасига 840, «Платина» 2100, «Рубин» (Ёқут) 5600, «Изумруд» (Зумрад) 8400 АҚШ доллари миқдорида маош тўлайди. Ундан ташқари ушбу даражаларга 8 мингдан 100 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда бир марталик бонус пулларини ҳам беради. Ўзбекистонда ана шу даражаларга етган бир қанча ҳамюртларимиз бор. Энди савол туғилади: улар ҳам 12 фоизли даромад солиғини тўлаб улгуришганмикан?

Яқинда ЎзА сайтида чиққан мақола ва унинг ортидан прокуратура “BEVERLee Business” фаолиятини ўрганишни бошлагандан сўнг ушбу кампаниядан мўмай даромад орттираётган айрим шахслар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишга шошилиб қолгани кишини янаям ажаблантиради. Фаолиятини танқидий мақоладан сўнг, расмийлаштирган компания етакчилари шу вақтгача солиқларни қандай тўлаб келган? Буни тушунтириб беришга солиқ кодексларида тегишли моддалар топилармикин?

Шердилов маълумотига кўра, компаниянинг янги аъзоси пулларини электрон ҳамёнга ўтказиш орқали маҳсулотни компания сайтидан сотиб олади. 300 АҚШ доллари интернет орқали тўланса, 85 доллар сўмга айлантирилиб компания офисига нақд етказиб берилади. Сизга фақат ана шу 85 долларнинг сўмдаги эквиваленти учун чек берилади. Демак, 385 АҚШ долларига сотилган маблағнинг фақат 85 доллар қисмидангина солиқ тўланяптими, қолгани-чи?

Биздаги маълумотга кўра, “BEVERLee Business” жорий йилнинг 20 август санасига қадар 1 422 393 579 сўм солиқ тўлаган. Яна Шохжаҳон Шердиловнинг шахсан берган маълумотига кўра 3 йил давомида 300 тадан ортиқ машиналар совға қилган. Солиқ идоралари ушбу компаниянинг солиқ маълумотларини текширганда 300 дан ортиқ автомобиль топширилиши ва унга эришгунча қанча маҳсулот сотилишини аниқлаб яна улар тўлаган солиқ миқдорига қайта разм солиб кўришсин-чи? Қолаверса, 2019 йилда ушбу компания тўлаган солиқлар 1 миллиард сўмга ҳам етиб бормаган.

Юқорида айтганимиздек, «Зумрад», «Олтин» даражаларга эришгунча “BEVERLee Business” аъзоси ва унинг ортидагилар 100 нафардан ортиқ аъзоларни эргаштириши ва ўз ўрнида улар ҳам 385 АҚШ долларидан молия киритиб биологик фаол озуқалар сотиб олиши керак. Бу каби даражаларга эришилган вакиллар ва сотилган маҳсулот билан компания жорий йилда тўлаган солиқ миқдори ўртасидаги математик ҳисоблар тўғри келмаётгандек.

“BEVERLee Business” миллиардлаб солиқни яшириб қолмаганми?

Миллиардлар ҳақида гап кетганда ноллар қаторидан биз янглишяпмизми ёки “BEVERLee Business” солиқ органларини янглиштиряптими? Бу масалани соха мутахассисларига очиқ қолдирамиз. Биз кейинги масала, яъни маржон қоялари кальцийларининг мўъжизавий хусусиятлари ҳақида гаплашамиз.

Маошни маошга зўрға улаб, уй, машина олишни орзу қилиб юрганлар учун молиявий пирамида орзуларни рўёбга чиқариш манбаасидек туюлади. Унда тез ва каттагина даромад олишга ваъда берилади. Аммо, бунинг учун сиз албатта, ушбу фирма маҳсулотини сотиб олишингиз шарт. Маҳсулот қандайдир сифати бошқа ерда топилмас "мўъжизавий" бўлади, нархи эса анча қиммат.

Мўъжизавий биологик фаол озуқалар эртаги

Биологик фаол қўшимчалар“BEVERLee Business” МЧЖ таъсисчиси айтганидек дори воситаси эмас. У касалликни даволай олмайди. Шу сабабли ҳам АҚШнинг FDA (Food and Drug Administration), Европанинг (European Medicines Agency) соғлиқни сақлаш ташкилотлари биологик фаол қўшимчаларни қайсидир касалликни даволайди ёки қайсидир касалликдан қутулишга ёрдам беради деб, реклама қилишни тавсия этмайди. Аксарият ташкилотлар биологик фаол қўшимчаларни инсонни тетиклантирувчи ва иштаҳа очувчи озуқалар сифатида тан олади холос. Энди “BEVERLee Business” МЧЖ таъсисчиси Шохжаҳон Шердиловнинг компания маҳсулотлари қанчадан-қанча касалликда ёрдам қилишини тушунтираётган видеони бир кўриб чиқинг-чи? Биологик фаол қўшимчаларни бу каби хусусиятга эга эканлиги умуман ақлга сиғмайди. Қолаверса маҳсулот дори эмас, биологик фаол қўшимча сифатида рўйхатдан ўтганининг ўзи ҳам уни турли касалликларда қандай ёрдам бериши одамларда узоқ синалмаганидан далолат беради. Агарда у узоқ вақт одамларда тегишли тарзда синалганда эди, унга дори даражаси бериларди. Аммо, “BEVERLee Business” МЧЖ таъсисчисининг айтишига кўра унинг маҳсулотлари, яъни биологик фаол қўшимчалар кўпгина касалликларда ёрдам беради.

“BEVERLee Business” аъзоларига 385 АҚШ долларига таклиф қилаётган мўъжизавий биологик фаол озуқалар ҳақиқатан ҳам фалаж, кўр, кар инсонларга ёрдам бера оладими?

Ёрдам бериш дегани касалнинг аҳволи яхшиланади деганими? Яхшиланиш тузалиш демакми? Эътибор қилсангиз “BEVERLee Business” вакиллари маҳсулотларини «даволайди» деб реклама қила олмайди. Чунки, уларнинг маҳсулоти биологик фаол қўшимча бўлгани сабабли даволаш, тузатиш хусусиятига эга эмаслиги аён. Шу сабабли улар кўпинча «ёрдам беради» сўз бирикмаси билан кўпгина нажоткор инсонларнинг чўнтагига кўз олайтириб келади.

Ёрдам беради дейиш билан бирга яна ихлос қилинг, ишонинг деган алдовларни ҳам қўллашни унутишмайди. Аксарият фалаж, кўр, соқов, кар, ДСП каби касалликларни тўлиқ даволаш мушкул. Аммо, бизнинг “пирамидачиларимиз” ўзларининг маҳсулоти билан уларнинг аҳволи яхшиланишини аниқроқ айтганда, кўрнинг кўзи очилиши, кар эшитиши ва фалаж юриб кетишини ваъда беришяпти.

Бу сафсаталарни қўя турайлик. Аниқ нарса шуки, “BEVERLee Business”га тегишли бўлган маржон кальцийси ва “Коэнзим QH” биологик фаол озуқаларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган рухсатнома ушбу маҳсулотлар «беверли»чилар ишонтираётган касалликларга ёрдам бера олишини тасдиқламайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўзи баёнот берган. Рухсатнома фақатгина ўша маҳсулотнинг биологик фаол озуқа эканлиги ва қадоқда келтирилган таснифларгагина жавобгарлигини билдиради. Бунинг устига “BEVERLee Business”нинг бизга берган маълумотига кўра ушбу икки маҳсулот Япониянинг ўзида рўйхатдан ўтмаган ва у ерда сотувга ҳам чиқарилмайди.

“BEVERLee Business”нинг тан олган расмий телеграмдаги каналида юздан ортиқ ташхисларга шифокорлар онлайн маслаҳат бериб, маржон кальцийси, коэнзим ва бошқа маҳсулотларни тавсия этиб келишади. Хўш, касалларга онлайн тавсиялар бериш мумкинми? Бу касалнинг ҳаёти учун хавф туғдирмайдими? Умуман олганда “BEVERLee Business”нинг расмий каналларида қандай шифокорлар фаолият юритади.

Аввалги сафар қайд этганимиздек, уларнинг расмий каналидаги шифокор ана шу маҳсулотларни тавсия қилиб ёрдам беришга урингач, мижознинг аҳволи ёмонлашган. Натижада унга амбулатор ёрдам кўрсатилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса ушбу ходимдан айнан “BEVERLee Business” маҳсулотларини тавсия қилиб зарар етказгани учун воз кечган.

***

Далиллар ёки “BEVERLee Business” вакиллари тили билан айтганда «туҳмат»ларимиз етарли бўлмаса биз ушбу фирма фаолияти билан танишишда давом эттираётганимизни айтиб ўтишни истардик. Юқоридаги ёзганларимиз "хамир учидан патир" холос. Шу билан бирга ўз ўрнида юқорида тилга олинган солиқ ва божхона қўмиталаридан текширув натижаларини ҳам кутиб қоламиз. Мавзуни эса бирор ечим топилмагунча давом эттирамиз.

Анора Содиқова,

Сайёра Шоева,

ЎзА махсус мухбирлари


23 939
ЎзА