Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

05.09.2018 22:45 Чоп этиш версияси

Бетакрор мусиқий туҳфа

Бетакрор мусиқий туҳфа Юртимизда ёшларни миллий ва жаҳон мумтоз мусиқасининг энг сара намуналаридан баҳраманд этишга оид кўплаб лойиҳалар тақдим этилмоқда. Улардан бири пойтахтимиздаги "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтди.

Муҳташам саройда Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри ҳамда Буюк британиялик скрипкачи ва композитор Ванесса Мэйнинг хайрия концерт дастури юртимиз ёшлари, санъат, маданият намояндалари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, турли вазирлик, идоралар, жамоатчилик вакиллари эътиборига ҳавола этилди.

Мамлакатимиз ёшлари ўртасида жаҳон классик мусиқа меросини оммалаштириш ва йигит-қизлар иқтидорини рағбатлантириш мақсадида Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами муносабати билан ташкил этилган бу лойиҳа ёшларда катта қизиқиш уйғотди. 

8 (1).JPG

Ёш авлодни истиқлол ғояларига садоқат, фидойилик, юрт тақдирига дахлдорлик туйғусида тарбиялаш, уларнинг мусиқий савиясини, дунёқарашини тўғри шакллантириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Президентнинг 2018 йил 14 августдаги "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ёшларни миллий ва умумбашарий эзгу қадриятларга содиқлик руҳида камол топтириш, навқирон авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришда янги имкониятларни очмоқда.

Йигит-қизларда эзгу фазилатларни қарор топтиришда мусиқа санъатининг ўрни беқиёс. Шу мақсадда юртимизда турли фестиваль ва ижодий танловлар, маърифий лойиҳалар, ранг-баранг концерт дастурларининг санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилиши яхши анъанага айланган. Ёшлар симфоник оркестри бу борада олдинги сафларда бораётган ижодий жамоалардан саналади. Ушбу оркестр тақдим этаётган концерт дастурлари бетакрор ва ўзига хослиги билан аҳамиятлидир.

– Бу концерт ёшларимиз учун ўзига хос туҳфадир, – дейди Ёшлар симфоник оркестри дирижёри, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев. – Юртимиз ва жаҳон композиторлари асарларидан иборат ушбу дастур томошабинларга манзур бўлди, деб ўйлайман.

Мазкур ижодий жамоанинг жаҳонга машҳур дирижёрлар, мусиқачилар, опера хонандалари билан биргаликда тақдим этган концертларини санъат ихлосмандлари яхши билади. Бу галги концерт Буюк британиялик мусиқачи Ванесса Мэй иштирокида ташкил этилгани юртимиз маданий ҳаётида ўзига хос воқеликдир.

21.JPG

Ванесса Мэй 1978 йили Сингапурда туғилган. Бугунги кунда Буюк Британияда истиқомат қилувчи санъаткор асосан классик мусиқий композицияларни техник қайта ишлаш, сайқаллаш устида изланади. Моцарт, Вивальди, Паганини, Бетховен, Бах, Верди каби классик мусиқа дарғаларининг номдор асарлари В.Мэй талқинида ўзгача жозиба, мафтункорлик, оҳанрабо таъсир кучига эга бўлган тароналарга айланган. Унинг ижросидаги асарларни тинглаб, санъатнинг сўз билан таърифлашга ожиз бўлган ажиб сеҳри, улуғворлиги, руҳиятга инъом этувчи ижобий қувватини яна бир бор теран ҳис этиш мумкин. В.Мэйнинг мусиқий диск ва махсус альбомлари санъат ихлосмандлари ўртасида катта шуҳрат қозонган.

Мусиқий кечада жаҳон ва ўзбек композиторлари асарларидан намуналар Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри ҳамда британиялик мусиқачи ижросида янгради. Мухлисларнинг давомли олқиши концертга берилган энг холис баҳо бўлди.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА