ЎзА Ўзбек

17.08.2018 15:52 Чоп этиш версияси

Бетакрор маҳорат ва санъат кўргазмаси

Бетакрор маҳорат ва санъат кўргазмаси Ўзбекистон Бадиий академияси марказий кўргазмалар залида Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида кўргазма очилди.

Унда тасвирий санъат усталарининг ижодий ишлари билан бирга ёш рассомлар ҳам ўз асарлари билан қатнашмоқда.

Сўнгги йилларда ҳайкалтарошлик кенг оммалашган санъат турига айланди. Айниқса, юртимиз шаҳарсозлигида тарих ва маданият арбоблари галереяси ташкил топди. Дастгоҳли ҳайкалтарошлик ҳам ривожланиш йўлидан бормоқда. Кўргазмада санъат ихлосмандлари ўзига хос услубдаги декоратив пластик асарларни ҳам кўриши мумкин. Мазкур композициялар келгусида юртимиздаги истироҳат боғларини безатишга хизмат қилади.

13 (1).jpg

Бугунги кунда кулолчиликнинг Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент мактаблари мавжуд. Бадиий безаш усуллари, ранглари ва шакли билан бир-бирини такрорламайдиган мазкур мактабларда қадимий анъаналар замонавий усуллар монандлигида давом этмоқда. 

17.jpg

Кўргазма доирасида Риштон кулоллари сулоласи вакили Алишер Назировнинг ишлари намойиш этилмоқда.

Маҳоратли уста қадимий услубларга таяниб, янги ижодий ёндашувлар билан бетакрор безак ва шакллар асосида лойдан гўзал санъат асарларини яратган. 

18.jpg 

Кўргазма 2 сентябрга қадар давом этади.

Барно Мелиқулова, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
4 558