Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2018 14:58 Чоп этиш версияси

Бешинчи босқич ҳам мароқли ўтмоқда

Бешинчи босқич ҳам мароқли ўтмоқда
Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига қарашли Шароф Рашидов номидаги ёзги оромгоҳнинг бешинчи босқичида 108 ўқувчи ҳордиқ чиқармоқда. Мавсум давомида бу ерда 600 дан зиёд бола дам олди. 

Моргузар тоғлари бағридаги хушманзара маскан –Уобсойда жойлашган ушбу оромгоҳда ўқувчиларнинг мириқиб дам олиши учун барча шароит яратилган. Спорт майдонлари, стадион, чўмилиш ҳавзаси, хиёбон, кутубхона кун давомида болалар ихтиёрида. 

6.JPG

– Болалар учун ёзнинг иссиқ кунларида шарқироқ зилол сувли сой бўйида, ям-яшил дарахтлар қўйнида бўлишнинг ўзигина етарли эмас, – дейди оромгоҳ раҳбари Баҳром Аширматов. – Ўқувчиларнинг мазмунли дам олиши учун турли маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, қизиқарли ўйинлар жадвал асосида ташкил этилди. Турли тўгараклар мунтазам ишлаб турибди. Дам олиш давомида ўқувчиларнинг ижодий қобилиятини ўстиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Оромгоҳда ҳафта кунлари – “Камалак куни”, “Нептун куни”, “Қушлар куни” ва ҳоказо, деб номланади. Анъанага кўра, кун номига мос маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, табиат қўйнига саёҳат уюштирилади.

Бу йилги ёз мавсумида вилоятдаги жами 74 та, жумладан, шаҳар ташқарисидаги 12 та, мактаблар қошидаги 62 та оромгоҳда 9 минг 525 ўқувчининг дам олишини мазмунли ташкил этиш режалаштирилган. Айни пайтда кўпчилик оромгоҳларда сўнгги босқич давом этмоқда.

Т.Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
5 690