ЎзА Ўзбек

06.01.2019 Чоп этиш версияси

Бешикдан то қабргача илм изла: қорақалпоғистонлик олим 72 ёшида фан доктори бўлди

Бешикдан то қабргача илм изла: қорақалпоғистонлик олим 72 ёшида фан доктори бўлди

Янги йил арафасида Қорақалпоғистон илм-фани учун қувончли хабар етиб келди. 

Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти ходими Жалғасбой Хошниязов қарийб 72 ёшида филология фанлари доктори ( DSc) даражасини олди. Бу ҳақида ушбу институт директори Айтмурат Альниязов ЎзА мухбирига хабар берди.

— Институтимиз ходими “Қорақалпоқ қаҳрамонлик достонларининг пайдо бўлиш манбалари” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва Олий аттестация комиссияси томонидан тасдиқланди. Бу янгилик биз учун янги йил совғаси совғаси бўлди, дейиш мумкин. Чунки қорақалпоқ фольклори бўйича кўпдан буён институтимизда доктор етишиб чиқмаган эди, – дейди мазкур институт директори Айтмурат Альниязов. – Умуман олганда, ўтиб бораётган йил институтимиз жамоаси учун, шунингдек, қорақалпоқ илм-фани учун ҳам муваффақиятли бўлди, десам муболаға бўлмайди. Сабаби шу йилда иккита фан доктори (DSc) етишиб чиқмоқда. Келгуси йилда бу борадаги ишларимизни қатъий давом эттирамиз ва 2019 йилда 3 та фалсафа доктори (PhD) ва 3 та фан доктори (DSc)ни чиқаришни режалаштирганмиз.

Қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди жуда бой. Институт томонидан 100 жилдлик “Қорақалпоқ фольклори” чоп қилинган. Бу ўтган асрда халқ орасидан йиғиб олинган материалларнинг атиги 20 фоизини ташкил қилади. Институтнинг фондида яна кўплаб қўлёзмалар сақланмоқда. Айни пайтда уларга илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ қилиш масалалари қўлга олинган.

Фольклошунос олим Ж.Хошниязов ҳам айнан шу қўлёзмалар фондидан ва “Қорақалпоқ фольклори” кўпжилдлигидан олинган қорақалпоқ қаҳрамонлик достонларига оид материаллар ва матнлар, Россия давлат кутубхонасидан ва Россия ФА антропология ва этнография институтининг илмий кутубхонасидан олинган илмий ва амалий аҳамиятга молик материалларни тадқиқот объекти сифатидан танлаган.

Тадқиқотнинг илмий янгилиги шундан иборат-ки, қорақалпоқ фольклоршунослигида биринчи марта қаҳрамонлик достонларининг пайдо бўлишига асос бўлган илк сюжетлар патриархал-уруғчилик тузуми ва унинг милоддан аввалги биринчи минг йиллик ўрталарида инқирозга юз тутиши даврида мифологик эпоснинг тадрижий ривожи натижасида шаклланганлиги исботланган. Қаҳрамонлик достонлари ўзининг яратилиш даврига кўра кўп қатламли бўлиб, унинг архаик эпосга мансуб қисми сак, массагет, хун ва қадимги туркийлар эпик ижодиётига тааллуқли мифологик тасаввурлар ва сюжетлардан иборат эканини аниқланган.

Қорақалпоқ фольклоридаги Арухон, Оқчўлпон, Гулойим образлари билан боғлиқ қаҳрамонлик достонларида сак-массагетлар ижодиётига хос ватанпарварлик ғояси, чорвачиликдан иборат турмуш тарзи, қизларнинг куёв танлаш мақсадида йигитлар билан куч синашиши, матриархат даврига хос давлат бошқаруви тизими бадиий акс эттирилганлиги далилланган.

Қорақалпоқ қаҳрамонлик достонлари сюжетининг бадиий эволюциясида қипчоқ, қўнғирот, манғит, нўғой ва бошқа қабилалар ҳаётида юз берган тарихий воқеалар, уларнинг оила ва юрт ҳимояси учун олиб борган мардонавор кураши муҳим роль ўйнаганлиги, жумладан, ўғузларнинг Оролбўйи ҳудудида ҳукмронлик қилиши туфайли VIII-XI асрларда “Китоби дадам Қўрқит”нинг асосини ташкил этувчи эпик сюжетлар юзага келганлиги, XI-XII асрларда қипчоқларнинг тарих саҳнасига чиқиши натижасида “Қўблон” достони яратилгани асосланган, шунингдек, Оролбўйи эпик анъанасида “Алпомиш”, “Қўблон”, “Қирққиз” каби туб сюжетли достонларнинг кенг кўламда оммалашиши туфайли XIV-XVIII асрларда туркий қавмлар ва қабилавий уюшмаларнинг миллат сифатида иттифоқлашиши жараёни ўзининг юксак чўққисига етгач, қаҳрамонлик характеридаги “Эдиге”, “Эр Шўра”, “Бўзўғлон”, “Масподшо”, “Гўрўғли”, “Эр Сайим”, “Жаскелен”, “Эр Қўсай”, “Эр Зевар”, “Қурбонбек”, “Ҳажи Герей” каби қорақалпоқ халқ достонлари юзага келганлиги асослаб берилган ва ҳоказо.

Олим 1978 йилда Тошкент шаҳрида А.С.Пушкин номидаги тил ва адабиёт институтининг ихтисослаштирилган кенгашида “Алпомиш” достонининг қорақалпоқ версияси” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган эди.

Илм-фандаги хизматлари учун 2012 йилда Ўзбекистон Республикасининг фармони билан “Шухрат” медалига сазовор бўлган.

7 077
Е.Қаноатов, ЎзА