ЎзА Ўзбек

28.08.2018 17:52 Чоп этиш версияси

Бешариқда замонавий клиника

Бешариқда замонавий клиника Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида замонавий хусусий клиника фойдаланишга топширилди.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторнинг ролини ошириш, хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини ривожлантириш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бермоқда. Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

5.JPG

Эътибор ва рағбат самараси сифатида эса юртимизнинг энг олис ва чекка ҳудудларида ҳам тадбиркорларимиз томонидан жаҳон андозалари даражасидаги хусусий тиббиёт марказлари барпо этилмоқда. Мазкур саломатлик маскани ана шулардан бири. Давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланилмай бўш турган эски бино ўрнида бунёд этилган марказда кардиолог, акушер-гинеколог, жарроҳ, терапевт сингари ихтисослашган барча тоифадаги шифокорлар фаолияти йўлга қўйилди.

Бу ерда ташриф буюрувчилар учун барча қулайликлар яратилган. Клиника ҳудудида ландшафт архитектураси бўйича яшил йўлаклар, жонли табиат бурчаклари, инсон руҳиятига ором бахш этувчи табиат манзаралари барпо этилган. Хориждан келтирилган энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар, турли текширувлар ўтказиш ва лаборатория жиҳозлари тез ҳамда аниқ ташхис қўйиш имкониятини яратган бўлса, 20 ўринли кундузги стационар ва ётиб даволаниш учун мўлжалланган жойлар беморларга малакали хизмат кўрсатилишини таъминлайди.

6 (1).JPG

– Тошкентдаги тиббий-илмий марказлар, вилоятнинг энг малакали шифокорлари билан ўзаро шартнома асосида ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, – дейди клиника раҳбари Феруза Каттахўжаева. – Ҳозирги кунда шифокор назоратида ётиб даволаниш ҳамда қўшимча тиббий хизмат турларини кенгайтириш мақсадида янги бино қурилиши ишлари жадал давом эттирилмоқда. Бу қамровни кенгайтириш ва қўшимча янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА
4 259