ЎзА Ўзбек

03.07.2020 Чоп этиш версияси

Бешариқда икки йилда 34 та лойиҳа ишга тушади

Бешариқда икки йилда 34 та лойиҳа ишга тушади

Фарғона вилоятида жорий йилда 7,1 триллион сўмлик 744 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Хўш, бу борадаги ишлар чекка ҳудуд-Бешариқ туманига қандай самара беради?

Бугунги кунда саноати ривожланмаган олис туманларга ҳам инвестицияларни жалб этиш, янги корхоналарни ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Инвестиция ўша ҳудудга улкан имкониятлар беряпти, иқтисодиёти мустаҳкамланиб, аҳоли иш билан таъминланмоқда. Хусусан, Бешариқ тумани бир вақтлар фақатгина қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлари билан тилга олинарди. 220 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудда ҳозирда вазият бутунлай ўзгарди. Бу ерга саноат кириб келди, экспорт салоҳияти юксалди.

Ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлар сафи йилдан йилга кўпаймоқда. Асосийси, кейинги вақтда инвестициялар оқими ҳам ортди. Биргина ўтган йилда 15 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 триллион сўмдан ортиқ инвестиция йўналтирилганлигининг ўзи буни яққол кўрсатиб турибди. Буларнинг барчаси аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.

photo_2020-07-03_11-01-30.jpg

– Туманда 2020-2021 йилларда умумий қиймати 1,3 триллион сўм бўлган 34 та лойиҳалар доирасида 78,7 миллиард сўм маҳаллий инвестициялар ва кредитлар, шунингдек, 120 миллион 500 минг АҚШ доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади, – дейди туман ҳокими ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Элёржон Йўлдошев. – Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги мазкур лойиҳалардан 29 таси жорий йилда ишга туширилиб, 429 та иш ўринлари яратилади. Айни кунларда сектор раҳбарлари томонидан бириктирилган ҳудудларидаги бу лойиҳаларни ўз муддатида ишга тушириш учун тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида “Хуаксин цемент” масъулияти чекланган жамиятида темир бетон, “Family dentistri” корхонасида тиббий хизмат, “ Anbar Honeybee baraka invest” масъулияти чекланган жамиятида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. “Нурли замин таровати”, “Абдуллаев Раҳматжон қувончи” ва “Машраббек Олимжонивич” фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш технологияси бўйича лойиҳа амалга оширилди.

Январь ойида йирик лойиҳа-цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Fargʻona Yasin qurilish mollari” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг биринчи босқичи ишга туширилгани туман ҳаётида муҳим воқеалардан бири бўлди.

– Хитойлик инвесторларимиз билан биргаликда кенг кўламли ишлар бажарилди, – дейди “Fargʻona Yasin qurilish mollari” қўшма корхонаси директори ўринбосари Эркинжон Маҳмудов. – Замонавий технологиялар ишлаб чиқаришга жорий этилиб, лойиҳанинг биринчи босқичи ишга тушди. Бу ерда бир кунда 2 минг 500 тонна сифатли цемент ишлаб чиқарилмоқда.Лойиҳанинг биринчи босқичида 113 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 300 нафар ёшлар иш билан таъминланди. Айни дамда иккинчи босқич бўйича ишлар давом этмоқда.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион долларни ташкил этиб, корхонада йилига 2 миллион тонна сифатли цемент ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга тушгач, 700 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш таъминланади.

“Фарғоналик тадбиркор-ислоҳотчи” тажрибасини амалга оширишда ҳам бешариқликлар фаол иштирок этяпти. Ёш тадбиркор Шерзоджон Эркабоевда бизнес ғояси пайдо бўлганда уни рўёбга чиқишига ўзи ҳам ишонмасди. Аммо саъй-ҳаракатлари, ишланишлар бесамар кетмади. У ўтган йилда 6 миллиард сўм маблағ эвазига “Sherwood design” масъулияти чекланган жамиятига асос солди. Хитойдан замонавий дастгоҳлар олиб келиб, мебел ва металл конструкцияли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Айни кунларда бу ерда юз нафарга яқин маҳаллий ёшлар меҳнат қилмоқда.

– Бугунги кунда корхона, ташкилотлар ва аҳоли буюртмаси асосида 200 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқармоқдамиз, – дейди Ш. Эркабоев. –Ишлаб чақиришимизнинг асосий юраги-бу моҳир дизайнчилардир. Импортга келувчи металл конструкцияли ҳар қандай маҳсулотни эндиликда ўзимизда тайёрлаш имкони бор. Пандемия даврида ҳам белгиланган карантин қоидаларига амал қилиб, фаолият олиб боряпмиз. Ҳозирда маҳсулотларга 3 миллиард сўмлик буюртма бор.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси томонидан Бешариқ туманининг чегара олди ҳудудида эркин савдо зонасини ташкил этиб, йилига 100 миллион долларлик экспортни таъминлашни вазифа қилиб қўйди. Бу ҳам туманни ҳар томонлама тараққий этишига хизмат қилади.

3 078
М. СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ(сурат), ЎзА