Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.08.2018 17:30 Чоп этиш версияси

Беш йиллик низо

Беш йиллик низо Мерос билан боғлиқ низолар асосан яқин қариндош, яъни ота-она ва фарзандлар, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида юзага келади. Бунга уларнинг амалдаги қонун нормаларини билмаслиги ва бири бошқасининг ҳуқуқини тан олмаслиги сабаб бўлмоқда.

Мерос мулкини тақсимлашда ворислар ўзаро келишиши энг мақбул ечим ҳисобланади. Чунки низолашиш ворислар ўртасидаги қариндошлик риштасига путур етказади.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий судида беш йилдан ортиқ давом этган низога барҳам берилиб, қариндошлик муносабатларига путур етишининг олди олинди.

Масала шундаки, отанинг биринчи турмуш ўртоғи вафот этганида 3 нафар вояга етмаган фарзанди бўлган. Иккинчи марта турмуш қуриши натижасида яна бир фарзанд дунёга келган. Улар биргаликда 4 фарзандни тарбия қилган.

2010 йилда ота вафот этгач, ундан қолган мерос – уй-жой, автомашина ва бошқа мулкларни ўзаро бўлиш борасида фарзандлар ва она ўртасида бир-бирининг ҳуқуқини тан олмаслик натижасида низо келиб чиққан. Ушбу низо 2013 йилдан буён бир неча маротаба судларда кўрилган.

– Тарафларнинг суд қарорларидан норози бўлиб берган аризасига асосан иш Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида назорат тартибида кўриб чиқилди, – дейди Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров. – Иш жараёнида ҳар иккала тарафга мерос мулкига бўлган ҳуқуқлари, меросдаги улушлари миқдори тушунтирилди. Уларга Олий суд томонидан чоп этилган ворислик ҳуқуқига оид китоблар тақдим этилди. Тарафларга низони келишув йўли билан ҳал этиш таклиф этилди. Она ва болалар мерос мулкини бўлиб олиш юзасидан Олий суд томонидан билдирилган таклифга рози эканликларини билдириб, низони келишув асосида ҳал этишга қарор қилишди. Шунга кўра, тарафлар ўртасида мерос мулкини бўлиш бўйича тузилган ўзаро келишув битими суд томонидан тасдиқланди. Шу тариқа беш йил давом этган низо барҳам топди.

Энг асосийси, ишни тарафларни келиштириш орқали ҳал этиш натижасида қариндошлик муносабатларига путур етишининг олди олинди. Келгусида ўзаро яхши муносабатда, тинч-тотув яшашига замин яратилди.

Жамиятимиз ҳам инсонлар ўртасида соғлом муносабатлар қарор топиши, уларнинг бир-бирига муносабати яхши бўлишидан манфаатдор. Зеро, соғлом муносабат, соғлом оилалар жамият негизини ташкил этади.

Норгул Абдураимова, ЎзА