ЎзА Ўзбек

16.08.2018 17:30 Чоп этиш версияси

Беш ёшли боланинг ҳаёти сақлаб қолинди

Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимида биринчи бор юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва мазкур муассасаларнинг вилоятдаги филиаллари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари ҳамкорлигида ўтказилган тўртта жарроҳлик амалиёти юртимиз тиббиётининг моддий-техник имкониятлари кенгайиб, малакали мутахассислар тажрибаси ортиб бораётганини кўрсатди. Жумладан, кардиолог, тиббиёт фанлари номзоди Н.Баҳриддинов бошчилигидаги жарроҳлар гуруҳи туғма юрак нуқсони билан дунёга келган А.Маҳмуджоновда очиқ артериал томирни боғлаш жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказиб, беш ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолди.

– Имконият йўқлигидан ўғлимни даволатишга қийналиб юрган эдим, – дейди Абдулланинг онаси Д.Аҳмаджонова. – Бугун эса мана, давлатимизнинг ўзи менга шундай марҳамат кўрсатиб турибди. Юртимиздаги барча оналар номидан Президентимизга миннатдорлик билдираман. Болажонимни безовта қилаётган оғир дарддан халос қилган шифокорлардан бир умр миннатдорман.

Жарроҳлик амалиёти жараёни маҳаллий шифокорларга, туманлардан келган кардиолог ва жарроҳларга маҳорат дарси сифатида онлайн тарзда кўрсатиб борилди.

"Наврўзобод" маҳалласида яшовчи Ж.Қодировага сурункали тош холецистит касаллиги азоб берар эди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази жарроҳлик бўлими мудири Ғ.Мамадалиев ҳамкасблари билан беморда энг замонавий лапароскопик аппарат ёрдамида тиғсиз лапароскопик холецистит-эктомия амалиётини муваффақиятли бажаришга эришди.

Бундан ташқари, эндоскопик амалиёт воситасида бемор оғиз бўшлиғи орқали умумий ўт йўлига кирилиб, тош саноқли дақиқаларда олиб ташланиши республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилояти филиали шифокорларининг билим ва маҳорати давр билан ҳамқадам ортиб бораётганидан далолат берди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
5 256