ЎзА Ўзбек

23.12.2016 16:20 Чоп этиш версияси

Беш минг мурожаат қаноатлантирилди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Бош прокуратура, Марказий банк, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар, иш берувчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, тармоқ касаба уюшмалари республика кенгашлари ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.

Давра суҳбатида мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, унинг таркибида хусусий мулк улушини кўпайтириш баробарида ижтимоий-меҳнат соҳасидаги масалаларни самарали ҳал этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий негиз ва таъсирчан амалиёт яратилгани таъкидланди.

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид келишув давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги самарали ижтимоий мулоқот ижтимоий шерикликнинг ёрқин далилидир. Унда ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитлари яратиш, ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, жумладан, болаларни соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари акс эттирилган.

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари орқали корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 4 минг 514 ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш ҳамда уй-жой қуриш учун фоизсиз cсудалар ажратилди. 73 минг 314 ёш оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Бунинг учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида 37 миллиард 666 миллион сўм йўналтирилди. Ижтимоий шериклик асосида ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш самарадорлигини янада ошириш, меҳнаткашлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

– Юртимизнинг туман ва шаҳарларида ташкил этилаётган давра суҳбатларида ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасига оид масалаларнинг аксар қисми жойларда ўз ечимини топмоқда, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси юридик бўлими мудири Диёрбек Кимсанов. – Меҳнат хавфсизлиги даражасини юксалтириш, иш жойларининг санитар-гигиена ҳолатини яхшилаш, маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларини ўқитиш, тегишли тартибда имтиёз ва компенсациялар ўрнатиш масалалари шулар сирасидандир.

Давра суҳбатида мамлакатимизда аҳолининг реал даромадларини ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий масалаларни ечиш борасида олиб борилаётган тизимли ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Самарали меҳнат учун зарур шароитлар, муносиб иш ҳақи, замонавий уй-жойлар, сифатли таълим ва тиббий ёрдам, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш – буларнинг барчаси иқтисодий соҳадаги ислоҳотларимиз моҳияти ва мазмунини белгилаб берадиган муҳим омиллар эканлиги таъкидланди.

Касаба уюшмалари тизимида халқ билан мулоқотни янада кенгайтириш, мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида марказлашган онлайн тизим яратилди. Ҳозиргача 6 мингдан зиёд мурожаат ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, қарийб 5 мингтаси қаноатлантирилди, 100 дан зиёд мурожаат тааллуқлилигига кўра ваколатли органларга юборилди. Мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши натижасида 2 мингга яқин кишининг қонуний ҳуқуқлари тикланди.

Давра суҳбатида меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, қишлоқ хўжалиги ходимларига бериладиган кафолатлар, пластик карточкалар воситасида тўловларни амалга ошириш масалаларига оид саволларга жавоблар берилди.

Сайёра Шоева, ЎзА
6 715