Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.05.2018 13:45 Чоп этиш версияси

Беш асрга татиган қомус

Пойтахтимизда «Абу Али ибн Синонинг доришунослик соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси ва замонавий фармацевтиканинг долзарб муаммолари» мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ибн Сино жамоат фонди ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда қатор вазирликлар, идоралар, хорижий ва халқаро ташкилотлар, тиббиёт ва фармацевтика корхоналари вакиллари иштирок этди.

Буюк бобокалонимизнинг тиббиёт соҳасидаги асарлари, жумладан, “Тиб қонунлари” жаҳон илм-фани, хусусан, тиббиёт илми тараққиётига беқиёс ҳисса қўшгани таъкидланди.

Аждодимизнинг энг машҳур ушбу асари тиббиётнинг қомуси сифатида эътироф этилган. Унда касалликнинг келиб чиқиши, аломатлари, даволаш усуллари, оддий дорилар тайёрлаш, саломатликни асрашда соғлом турмуш тарзи тамойиллари ва бошқа жиҳатлар муфассал ёритилган. Бу китоб Европанинг турли тилларига таржима қилиниб, қайта-қайта нашр этилган. Қарийб беш аср давомида қитъанинг тиббиёт ўқув юртларида дарслик сифатида ўқитилгани ҳам унинг ноёблигидан далолат.

Анжуманда Абу Али ибн Синонинг тиббиёт, халқ табобати, доришунослик ривожидаги ўрни, аниқ ва табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар равнақига қўшган беқиёс ҳиссаси, соғлом турмуш тарзига оид қарашлари, алломанинг илмий меросида маърифат ва маданият тамойилларига бағишланган маърузалар тингланди.

Мамлакатимизда фармацевтика соҳасини ривожлантиришда амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди. Замонавий фармацевтиканинг долзарб масалаларига оид илмий изланишлар таҳлил қилинди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 150 дан ортиқ фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган турли дори-дармондан тиббиётимизда кенг фойдаланилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 418