ЎзА Ўзбек

05.06.2020 Чоп этиш версияси

Берунийда Давлат хизматлари марказининг замонавий биноси фойдаланишга топширилди

Берунийда Давлат хизматлари марказининг замонавий биноси фойдаланишга топширилди

Коронавирус пандемияси даврида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, бу борада уларга амалий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳар доимгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний тумани давлат хизматлари маркази илгари кичик бинода жойлашган бўлиб, хоналари бироз тор эди. Бу ўз навбатида фуқароларга хизмат кўрсатишда марказ ходимларига ноқулайликларни келтириб чиқараётганди. Давлат хизматлари марказининг янги, замонавий биноси фойдаланишга топширилиши ана шу муаммоларни бартараф этди.

photo_2020-06-05_22-13-49.jpg

Бугун – 5 июнь куни мазкур бинонинг очилиш маросими ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов юртимизда Президентимиз томонидан илгари сурилган «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган эзгу ғояни ҳаётга кенг татбиқ қилиш мақсадида фаолият юритаётган давлат хизматлари марказларининг фуқароларга қулайликлар яратишга эътибор қаратиб, уларнинг яшаб турган жойлари, жумладан, олис ҳудудларда давлат хизматларини кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунда давлат хизматлари маркази фуқароларга 130 дан ортиқ хизмат турларини кўрсатиб келмоқда.

photo_2020-06-05_22-13-44.jpg

Замонавий, энг сўнгги ахборот-техонология воситалари билан таъминланган ушбу бинода марказ ходимлари ва фуқаролар учун барча шароитлар яратилган. Бинода дам олиш ва тиббиёт хоналари, болалар майдончаси мавжуд. Бундан ташқари, Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган «Мадад» нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳуқуқий маслаҳат бюроси шу ернинг ўзида фуқароларга бепул маслаҳат бериб боради.

Шунингдек, марказда электрон навбат тизими жорий қилинган. Зарур антисептик воситалар билан таъминланган марказда фуқароларга масофани сақлаган ҳолда хизматлар кўрсатилмоқда.

photo_2020-06-05_22-13-52.jpg

Қорақалпоғистон Республикаси 
Жўқорғи Кенгеси Матбуот хизмати

2 460
ЎзА