ЎзА Ўзбек

02.05.2018 10:58 Чоп этиш версияси

“Берлинга бориб, унинг тинч кунлардаги қиёфасини кўрган бўлардим”

“Берлинга бориб, унинг тинч кунлардаги қиёфасини кўрган бўлардим”
“...1945 йилнинг 2 майи. Берлинда шиддатли жанглар бормоқда. Ҳамиджон ертўлалардан бирига кириб қолди. Бу ер немис ҳарбийлари томонидан миналаштирилган экан. Ҳамиджон кучли портлашдан беҳуш бўлиб йиқилди. Шу ерда икки соат қолиб кетди. Бахтига... шу оралиқдаги эшик қулаб, устига тушгани боис унга зарар етмади. Ўзига кела бошлаганда уни ўлган гумон қилиб, устидан ўтиб қайтаётган немис солдатларини кўрди. Кейин ҳамма ёқ жимиб қолди. 

Жойидан туриб, ўзини пости, “Катюша”си ёнига етиб келди. Шуни кутиб тургандай, бирдан отишмалар бошланиб кетди...”.

Орадан роппа-роса етмиш уч йил ўтиб, ўша воқеалар ҳақида жангчининг ўзидан эшитиб турибмиз.

– Уруш даври суронларини хотирлаганимда қалбимда оғриқ туяман, – дейди пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек тумани, Сайрам кўчасида истиқомат қилаётган Ҳамид бобо Воҳидов. – Хотира жонланса, ўтмиш инсон кўз олдидан худди кино тасмасидек бир-бир ўта бошлайди. Ўшанда Берлин ер билан яксон бўлган эди. Ҳозир у қандай аҳволда экани менга жуда қизиқ. Агар мадорим етса, Берлинга бориб, уни тинч кунлардаги қиёфасини кўрган бўлардим.

Отахоннинг бу орзуси амалга ошиши кафолатланган. Зеро, Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг истаклари асосида улар ўзлари жанг қилган мамлакатларга бир нафар кузатувчи билан сафар ташкил этиш белгиланган.

Бугун 94 ёшни қарши олган Ҳамид бобо бутун дунёни ларзага солган Иккинчи жаҳон уруши бошланганида жуда ёш эди. Шундай бўлса-да, 1942 йилда минглаб юртдошларимиз қатори урушга отланди. Фронтда қандай азобли кунларни бошдан ўтказмадик, дейсиз. Дўлдек ёғилаётган ўқлар ёмғири, вайрон бўлган шаҳар-қишлоқлар, бошпанасиз, оч-наҳор одамлар, юпун кийинган етим болалар – буларни эслаш қанчалар азоб. 

Берлин забт этилгач, Ҳамиджон учун уруш яна икки йил давом этди. Бу муддатни у Венгиряда ўтади. Сўнгра ватанига қайтиб, спортнинг юнон-рум кураши ривожида ҳисса қўшди, ёшларга мураббийлик қилди. Унинг самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози унвони билан тақдирланган.

– Жанг майдонларида қанчадан-қанча сафдошларим, қуролдошларим қолиб кетди, – дейди Ҳамид бобо. – Ғалабани кўриш менга насиб этди. Яратганга шукрлар бўлсин, насибам бор экан, кексалик йилларим яхши замонга тўғри келди. Президентимиз эътибори туфайли ўтган йили Ҳажга бориб келдим. Бу сафарни кўнглимда кўп бора ният қилгандим, бунга давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги туфайли эришдим. Улар ҳозирги дориламон кунларга етиб келолмади. Шундай замонларга етказганига шукр қиламан-да, болам. 

Сайёра Шоева, ЎзА
8 916