ЎзА Ўзбек

11.01.2019 19:00 Чоп этиш версияси

Берлин давлат кутубхонасида Мирзо Улуғбекнинг астрономик жадваллари сақланмоқда

Берлин давлат кутубхонасида Мирзо Улуғбекнинг астрономик жадваллари сақланмоқда
Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги самимий муносабат манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашда асосий омил бўлмоқда. Германияликлар мамлакатимиз тарихи ва халқимиз анъана ва удумларига катта қизиқиш билан қарайди, ҳамюртларимиз ҳам бу юртнинг ўтмиши ва замонавий қиёфасига бефарқ эмаслар.

Яна бир эътиборли жиҳат. Берлин, Дрезден, Лейпциг ва Штутгарт шаҳарларидаги музейларда ўзбек санъати коллекцияларининг сақланиши ўзаро маданий, илмий ва адабий йўналишлардаги алоқалар янада мустаҳкамланаётганидан далолатдир. Берлин этнологик музейида Бухоро амирлигига оид, Берлин давлат кутубхонасида Алишер Навоий асарлари қўлёзмалари каби ноёб коллекциялар сақланмоқда. 

Берлин давлат кутубхонаси “Шарқ” бўлими раҳбари, доктор Кристофер Раухнинг фикрича, бу ердаги қўлёзмаларнинг айримлари ўзбек классик адиблари, олимлари яшаган ва ижод қилган ҳудудлардан, баъзилари эса бевосита Ўзбекистондан олиб келинган. Улар орасида XIX асрдан буён кутубхонада сақланаётган Улуғбекнинг астрономик жадваллари ҳам бор. Уларда 38 юлдузлар туркумига кирувчи 1018 юлдуз ҳақида маълумот берилган. 

– Ўзбекистоннинг амалий-декоратив санъати мероси ранг-баранг ва жуда бой, – деди “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида“ лойиҳаси видеоталқини муаллифи ва бошловчиси Шаҳноза Ғаниева. – Муайян тарихий сабаблар туфайли унинг муҳим бир қисми мамлакатимиздан ташқариларга чиқиб кетган. Ўзбек санъатининг ажойиб коллекциялари Германиянинг Берлин, Дрезден ва Лейпциг музейларида сақланмоқда. Масалан, Германиядаги энг кўп ташриф буюриладиган Пергам музейида ислом дунёсининг асосий реликтлари ҳисобланган қўлёзма китоблари ва шарқ тамаддуни амалий санъати асарларининг қимматбаҳо намуналари сақланади. Бу ерда Қадимий Афросиёб шаҳрининг машҳур кулолчилик санъатига оид ноёб асарларни кўриш мумкин. 

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг 15 январида Берлинда “Буюк ипак йўли мероси Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўприк вазифасини бажаради“ мавзусида халқаро илмий-маданий форуми ўтказилади. Форум иштирокчилари Германия музейларида сақланаётган халқимизнинг ана шундай нодир мероси билан янада батафсилроқ танишишга муваффақ бўлади. Шу жиҳатдан мазкур форумнинг ташкил этилиши Ўзбекистон ва Германия ўртасида дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишида тарихий ва муҳим даврни бошлаб беради. 



Насиба Зиёдуллаева,ЎзА
1 601