ЎзА Ўзбек

31.08.2018 19:06 Чоп этиш версияси

Бепул “Wi-Fi” ҳудудли электрон кутубхона ташкил этилди

Бепул “Wi-Fi” ҳудудли электрон кутубхона ташкил этилди
Энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Андижон шаҳрида бепул “Wi-Fi” ҳудудли электрон кутубхона ташкил этилди.

Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан кейинги икки ойда вилоят марказидаги кўчалар, хиёбонлар, бозорлар ҳудуди, йирик ташкилотлар олдида ана шундай ойнаванд китоб жавонлари ташкил этилиб, уларнинг ёнига мутолаа учун қулай бўлган ўриндиқлар ўрнатилди.

Китоб жавонлари корхона-ташкилот ва муассасалар, зиёлилар, умуман, китобхонликка қизиқадиганлар, одамларнинг ўқимишли бўлишини истаган кишилар томонидан ихтиёрий равишда турли мавзулардаги бадиий ва оммабоп китоблар билан тўлдириб борилмоқда.

4.JPG

– Кўчаларда китоб жавонлари ташкил этилгани ғоят хайрли иш бўлди, – дейди меҳнат фахрийси Маҳбубахон Музаффарова. – Бу аҳоли, айниқса, ёшларнинг китоб ўқишга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтиришга ёрдам беради.

Китоб жавонларига қўйилаётган китоблар сони кун сайин ортиб бормоқда. Юртимизда китоб ўқишга бўлган муносабат яхши томонга ўзгаргани, фуқароларда китобхонлик, мутолаа маданияти юксалаётгани кишини мамнун этади.

Мамлакатимизда байрам шукуҳи кезиб юрган шу кунларда китоб жавонлари такомиллаштирилиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри олдидаги кенг майдонда навбатдаги электрон кутубхона ташкил этилгани кўпчиликка манзур бўлди.

Келгусида Андижон шаҳрининг яна 12 ҳудудида ана шундай “Wi-Fi” ҳудудли электрон кутубхоналар ташкил этилиши режалаштирилган.

Ф.Убайдуллаев, З.Умурзоқов (сурат), ЎзА
2 192