ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Беписандлик – жамиятга хиёнат!

Беписандлик – жамиятга хиёнат!

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда “Браво” жамоаси вакили Аҳмад Темиров ҳамда Воҳиджон Исоқовларнинг никоҳ тўйлари тасвирланган видео ва фотолавҳалар тарқалаётганига гувоҳ бўлдик.

Албатта, ёшларимизни янги оила остонасига қадам қўйганликлари билан табриклайман. Аммо коронавирус балоси ҳали ўз таъсир кучини кўрсатиб, кундан-кунга касалланиш ортиб бораётган бир вақтда Махсус комиссия талабларига зид равишда 30 кишидан ортиқ меҳмонларни йиғиб, карантин тартиб-қоидаларига риоя этмаслик ва охир-оқибат яқинларимизнинг соғлиғини, ҳаётини хавф остига қўйиш тўғрими?

Табриклаш учун келган ўндан ортиқ санъаткорларимиз ҳамда юзга яқин меҳмонларнинг ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш нима эканлиги ёдларидан ҳам чиқиб кетганлигини видео ва фотоларда яққол кўриниб турибди.

Ахмад Темиров, Воҳиджон Исоқов ўрнатилган тартибда жаримага тортилганидан хабаримиз бор, бироқ бундай хатти-ҳаракатлар “тартиб қоидаларга зид равишда мана шундай тўй ўтказиб, белгиланган жаримани тўлаб кетиш билан осонгина қутилиш мумкин” деган нотўғри хулосалар шаклланишига сабаб бўлиши ёмон. Қолаверса, бундай тадбирлар касаллик тарқалишига олиб келмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди.

Ахир халқ кўз ўнгида юрган, санъат оламига дахлдор одам бошқалардан кўра маданиятлироқ бўлиши, керак бўлса, жамиятидаги хайрли ишлар ва янгиликларни амалга оширишга кўпроқ ҳисса қўшиб, ёшларга ўрнак кўрсатиши керак эмасми?

Бу каби кўра-била туриб тартиб-қоидани менсимай бузганлар фақатгина маълум бир миқдорда жарима тўлаш билан қутулиши етарли эмасдек, назаримда. Жамият қоидаларига, инсонлар ҳаётига бунчалар беписандалик билан қараш кўринмас душман билан олишиб жонларини фидо қилган юзлаб шифокору ҳарбийларимиз, юртдошларимиз хотираси ва меҳнатларига нисбатан ҳам ҳурматсизлик деб баҳолашга лойиқ.

Ушбу ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига Сенатор сўрови юборилди ва мазкур масала Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди.

Б.Сайфуллаев
Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси раиси

2 125
ЎзА