ЎзА Ўзбек

11.09.2018 12:30 Чоп этиш версияси

Бепарволик сабаб илдиз отаётган иллат

Бепарволик сабаб илдиз отаётган иллат

Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати

"Сабр қилсанг, ғўрадин ҳалво битур", дейди халқимиз. Аслида ҳам қаноатда гап кўп. Инсон сабр-тоқатли бўлиб, шукрона билан яшаса, рўзғорида барака бўлади.

...Т.Аҳмедов ёлғиз ўғил эди. Гулдай ҳунари – устачилик билан шуғулланиб, қўшни маҳаллаларда ҳам эътибор қозонган эди. Уйланиб, фарзандли бўлгач, топгани етмаётгандек туюлди. Аёлининг орзу-ҳаваси ҳам кундан-кун ортиб бораверди. Борига қаноат қилмай, бирданига ҳамма орзусига эришишни истаб қолган эр-хотин хорижда ишлаб, кўпроқ пул топишни режа қилди. Узоқни ўйламай, кенгашсиз қилинган режа уларни одамфурушлик ортидан нон ейдиганлар тўрига етаклади. Ёш эр-хотин осонгина ўлжага айланди.

Олти ойлик фарзандини бувисининг қўлига ташлаб кетган ота-она фарзандининг на илк қадамини, на ўйинқароқлигини кўрди, “ойи”, “дада” деган сўзини эшитмади. Нафсига қул бўлган ота-она беш йиллик сарсонгарчиликдан сўнггина фарзандининг дийдорига етди. Топиб келгани ҳам “от билан туя эмас” эди. Олис юрт, қийинчиликлар, синовлар эр-хотинни бир-биридан совутган, вазият кўнгил қоларликка, ажримгача бориб улгурган эди...

– Туппа-тузук ишим бор эди, мени нима жин урди, билмадим, – дейди Т.Аҳмедов. – Хорижда ҳамма ҳам аравасини тортиб кета олмас экан. Четга ишлаш учун кетганларнинг қийналганини эшитганимда, бу менга тегишли бўлмайди, деб ўйлардим. Хорижга бориб ишлаш, пул топиш осон эмас экан. Умримнинг беш йилини ҳавога совурганим қолди, оилам ҳам пароканда бўлди. Ота-онамнинг саъй-ҳаракати билан бугун ўз юртимда, фарзандим олдидаман.

Сабабсиз оқибат бўлмайди. Ҳавойи орзу-ҳавас, нафс балоси аччиқ оқибатларга олиб келди – бир оиланинг бузилишига сабаб бўлди.

Дунёда ҳар йили 4,5 миллиондан зиёд киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Уларнинг 1,2 миллиондан зиёди болалардир. Бу рақамлар одам савдосига қарши курашиш қанчалик долзарб эканини англатади. Шу иллат сабаб жабрдийданинг ўзигина эмас, балки оила аъзолари, яқинлари ҳам зарар кўрмоқда.

Ишлаб пул топишнинг нимаси ёмон, қийинчилик ҳам бўлади-да, дегувчилар топилади орамизда. Аммо содда инсонларни тузоғига илинтириб, манфур мақсади йўлида фойдаланмоқчи бўлган кимсалар бугун атрофимизда пайт пойламоқда. Уларнинг домига тушиб қолмасликнинг ягона йўли эса, аввало, қаноатли бўлиш, фарзандлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, маънавий бўшлиққа йўл қўймасликдир.

Тоҳир Мажидов бедарак кетган акаси ҳақида ҳикоя қилади: 

– Дурадгорлик қилиб, рўзғорини тебратиб юрган акамнинг бирдан "Қозоғистонга кетаман"га тушиб қолганидан рўзғорида бирор гап бўлдимикин деб ўйладим. Алоҳида ҳовли-жойи бор, рўзғори бут бўлса, нега бу каби тезкор қарор қабул қилганидан ажабландим. Келинойим ва укаларимдан сўрадим, елка қисишди. Бундай қилманг, кекса ота-онамизни ташвишга қўйманг, дедим. Фойдаси бўлмади. “Машина оламан, уйни бошқатдан қураман”, деб ҳавойи орзуларга берилди. Ўз билганидан қолмади. Бир ҳафта ўтиб, жўнаб кетди. Акам Қозоғистонга борган заҳоти “мен келдим”, деб уйдагиларни огоҳлантирган. Бироқ сафарга кетганининг кейинги ойидан умуман телефон қилмай қўйди. Уйдагиларнинг ҳам тинчи йўқолди. На пули бор, на дараги. Бир йил деганда яна бир қўнғироқ қилди. Шундан сўнг етти йил дараги бўлмади. Қидирдик, таниш-билишлардан сўрадик, аммо... 12 йилки, акамдан дарак йўқ. Болалари ҳам катта бўлиб қолди. Уларга нима дейишни билмаймиз. Ота-онам ҳам шу дард билан ҳаётдан ўтиб кетди.

Бугунги кунда аҳоли миграцияси, шу жумладан, мамлакат ташқарисида ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиш кўплаб салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Афсуски, айрим фуқароларимиз одам савдоси қурбонига айланмоқда. Буларнинг барчаси давлат томонидан ушбу иллатга қарши қатъий чоралар кўришни, одам савдосидан жабр кўрган ҳамюртларимизни муҳофаза этиш заруратини оширмоқда. Чоралар кўрилаётир. Аммо бу етарли бўлмаяпти. Энг муҳим масала – юртимизда янги иш ўринлари очиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўлиб қолмоқда.

Барно Мелиқулова, ЎзА
3 346