ЎзА Ўзбек

08.09.2018 18:52 Чоп этиш версияси

Беморларга тиббий кўрик натижасида аниқланган касалликлари бўйича зарур маслаҳатлар берилди

Беморларга тиббий кўрик натижасида аниқланган касалликлари бўйича зарур маслаҳатлар берилди Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида саломатликни тарғибот қилиш кунлари бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳридан 9 нафар малакали мутахассис билан бир қаторда вилоятдаги тиббий муассасаларда фаолият юритаётган 20 нафарга яқин тажрибали шифокорлар қатнашиб, Навоий шаҳри ва Кармана тумани аҳолисини чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказишди. Маданият ва истироҳат боғида ҳозирланган 6 павильонда УТТ, ЭКГ аппаратлари ҳамда лаборатория текширувларини ташкил этиш учун ҳам керакли шароитлар яратилди.

– Беморларга тиббий кўрик натижасида аниқланган касалликлари бўйича зарур маслаҳатлар берилди, – дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти кафедра ассистенти, тиббиёт фанлари доктори А.Абдуризаев. – Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзига амал қилишни тарғиб этиш – фаолиятимизнинг асосидир.

Шунингдек, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи ёши улуғ инсонлар ва ногиронларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар уй шароитида тиббий кўрикдан ўтказилди. Стационар шароитда даволанишга муҳтож деб топилганларга вилоят ва республика тасарруфидаги тиббиёт муассасаларига йўлланмалар ажратилди. Тадбир давомида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини ҳосил қилиш, турли касалликларнинг олдини олиш ва тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган тарғибот материаллари тарқатилди.

– Соғлигим ёмонлашгани сабабли Тошкент шаҳрига кўрикка бориш учун ҳозирлик кўраётган эдим, – дейди Кармана туманидаги "Пахтаобод" маҳалласида яшовчи И. Йўлдошева. – Пойтахтдан малакали шифокорлар келганини эшитиб, бу ерга келдим ва кўрикдан ўтдим. Мутахассислар менга керакли тавсияларни берди. Энди олис масофага боришимга ҳам ҳожат қолмади. Бу қулайликни яратган мутасаддилардан миннатдорман.

Саломатликни тарғибот қилиш кунлари барча туман ва шаҳар марказларида ҳам ташкил этилиб, кенг жамоатчилик жалб этилди. Шунингдек, тадбирлар давомида бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилиб, Навоий вилоятидаги тиббиёт муассасаларига ўнлаб мутахассислар доимий ишга жойлашди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
4 344