Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 12:43 Чоп этиш версияси

Белеули – Буюк Ипак йўлидаги бетакрор эсдалик

Белеули – Буюк Ипак йўлидаги бетакрор эсдалик
Бепоён Устюрт кенгликларида минг-минг йиллардан буён турли даврларга оид тарихий воқеаларни ва табият ҳодисаларини сукунат сақлаб кузатиб келаётган археологик эсдаликлар кўп. Шулардан бири Марказий Осиёни Қуйи Волгабўйи ва Жанубий-ғарбий Европа давлатлари билан туташтириб келган, Буюк Ипак йўлининг бир тармоғида жойлашган Белеули карвон саройидир.

01.jpg

– Ўрта асрларда Орол-Каспий оралиғи, Устюрт кенглиги нафақат кўчманчи қабилалар жойлаган саҳро бўлган, балки бу ҳудуддан минтақавий алоқадаги аҳамиятга эга карвон йўллари ҳам ўтган, – дейди тарих фанлари доктори, профессор Муҳаммед Шерип Қидирниязов. – Марказий Устюртда XIII-XIV асрларда шаклланган Буюк Ипак йўлининг тармоғи Олтин Ўрда Темурийлар даврида ривожланган савдо йўли бўлди. 

Белеули карвон саройи ушбу аҳамиятли савдо йўлида асрлар бўйи тамаддунлар алоқаси учун хизмат қилиб келган. Белеули карвон саройи Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани Жаслиқ посёлкасидан шимолий-шарқда 67 километр узоқликда жойлашган. Карвон сарой атрофида қудуқлар, сардобалар, қурилиш тошлари чиқарилган карьерлар ва ўрта аср, янги давр қабристонликлари мавжуд. Қабристонликлардаги қулфитошлар, ёзувлар, тошга битилган нақшлар яхши сақланган. Мазкур эсдалик мажмуаси тарихимиз ҳақида бебаҳо маълумотлар беради. 

02.jpg
  
Олимларнинг таъкидлашича, ўрта аср, янги давр ёзма манбаларида Белеули эсдалиги тўғрисида маълумотлар жуда кам. Лекин мароккалик буюк сайёҳ Ибн Баттута ўзининг «Саёҳатнома» (1333 йил) асарида: «Сарайчадан Гурганджга туяга қўшилган арбаларда келиш мумкин. Устюрт паст текислигида ҳар икки ёки уч кунлик масофада қўниш жойлари мавжуд. Уларда қудуқлар жойлашган. Қудуқларга ёғин ва қор сувлари йиғилади» – деб маълумот беради. Бундан ташқари, италиялик совдагор Франческо Пегелотти 1342 йилда савдо ишларига бағишланган «Савдогарларга амалий кўрсатма» номли асарида ҳам улар келган савдо карвони «Сарайчадан Устюрт-Гургандж йўналишида туя арбаларда 20 кунда етиб борди» дейилади. Устюрт кенглигидаги карвон саройлар Испанияда тузилган «Каталония атласи», оғайинли Пициганилер картасида (XV аср) лотинча атамаларда учрайди. Кейинчалик бу карвон йўли тармоғи «Нўғай йўли» номи билан белгили бўлган. 

05.jpg

Белеули эсдалик мажмуасида илк бор 1946-1947 йилларда археолог Сергей Толстов томонидан археологик кузатувлар ўтказилган. Эсдаликдаги биринчи стационар қазиш ишларини ўтган асрнинг 80 йилларида нукуслик археологлар Юра Манылов, Мухаммед Шарип Қидирниязов, Базарбай Сайпановлар олиб борган. 
– Қазиш натижалари Ибн Баттутанинг барча маълумотларини тасдиқлади, – дейди мазкур эсдалик мажмуада археологик амалиёт ўтказишда қатнашган олим М.Қидирниязов. – Ҳақиқатдан ҳам Устюрт текислигида Белеули карвон саройи қошида 100 гектардан ортиқ майдонда ёғин суви йиғиладиган теран тақирлик, 8 сардоба ва 4 қудуқ мавжудлиги аниқланди. 

03.jpg

Белеули карвон саройи 1 метр калин деворлар билан ўралган. Деворлар бундан 30 миллион йил аввал ҳаёт сурган Тэтис уммонидан қолган чиғаноқтошлардан қурилган. Карвон саройга кираверишда эни 3.8 метрлик дарвоза бор. Бир пайтлар портал-дарвозанинг олд томонида Регистондаги Шердор мадрасасидаги каби иккита шернинг расми бўлган. Лекин бугунги кунда Белеулининг “шерлари” номаълум йўловчилар томонидан олиб кетилган, портал-дарвозанинг юқори қисмидаги арка эса қулаб тушган. 

Белеули карвон саройи 19 та хона, омбор хоналардан иборат. Карвон саройнинг тош деворларида палеографик ёзувлар, петроглиф-расмлар бор. Уларни шу ерда қўнган йўловчи, сайёҳ, савдогарлар ёзиб қолдирган. Уларнинг орасида эски лотин ҳарфларида битилган ёзувлар ҳам бор. 

– Белеули маданий-тарихий, археологик мажмуаси Оролбўйи халқларининг дурдона эсдаликларидан бири, – дейди Қорақалпоғистн Республикаси Маданий мерос объектларини мухофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича минтақавий давлат инспекцияси бошлиғи Қуаниш Шарипов. – Эсдалик мажмуаси Марказий Осиёдаги бетакрор тарихий жой. Уни батафсил тадқиқ қилиш, иншоотларни реставрация қилиш, таъмирлаш ҳамда экотуризм учун фойдаланиш куннинг долзарб масаласи. 
Бугунги кунда ўрта асрнинг ажойиб мероси Белеули карвон саройи инсоният меҳрига муҳтож. Эсдаликни сақлаб қолиш бўйича шошилинч чоралар кўрилмаса, табият ва одамзот инжиқликлари туфайли яна бир бебаҳо ёдгорлик тубанликка юз тутиши мумкин.

Есимхон Қаноатов, ЎзА
5 704