ЎзА Ўзбек

18.09.2018 Чоп этиш версияси

Беларусь Республикаси таълим вазири Тошкент давлат педагогика университетига боради

19 сентябрь куни Беларусь Республикаси таълим вазири Игорь Карпиенконинг Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов ҳамроҳлигида Тошкент давлат педагогика университетига ташрифи кутилмоқда.

Вазирлар икки мамлакат олий таълим муассасаларининг ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари ва университетдаги мавжуд шароит билан танишади.

Жорий йилнинг 12-14 сентябрь кунлари Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Расмий ташриф доирасида икки давлат раҳбарлари Қўшма баёнотни имзолади. Шунингдек, 19 ҳужжат, жумладан, ўзаро савдога кўмаклашиш тизими, саноат мулкини муҳофаза қилиш, божхона ишларида ўзаро ёрдам тўғрисида, фан ва технологиялар, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, тиббиёт, олий таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида битим ва шартномалар имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Беларусь Республикаси таълим вазирлиги ўртасида имзоланган идоралараро олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳам шулар жумласидандир.

Бугунги кунда дунёнинг 40 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган Тошкент давлат педагогика университетида қатор аҳамиятга молик дастурлар амалга оширилмоқда. Хусусан, университетда бошқарув тизимини такомиллаштириш, малака ошириш ва қайта тайёрлаш, масофадан ўқитишни ташкиллаштириш бўйича “Эразмус +” дастури доирасидаги грантлар асосида 50 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар Италия, Франция, Германия, Чехия, Испания, Россия, Латвия давлатларининг ривожланган таълим муассасаларида малака ошириб қайтди. Ҳозирда университетда 100 дан ортиқ хорижлик талабалар таҳсил олмоқда.

Учрашувда қўшма факультетлар очиш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

3 628
Моҳигул Қосимова, ЎзА