ЎзА Ўзбек

21.03.2020 Чоп этиш версияси

Беларусь элчиси Олмалиққа нега борди?

Беларусь элчиси Олмалиққа нега борди?

Беларусь Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги Мавлоновлар хонадонига ташриф буюрди.

Бу йил Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк ғалабанинг 75 йиллиги кенг нишонланиши кутилмоқда. Маълумки, Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистоннинг миллионлаб ўғлонлари ҳам жанггоҳларда фидойиларча хизмат қилиб, йигитлик бурчини адо этган. 

Ана шундай фахрийларимиздан бири Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилиб, невара-ю, чеваралари ардоғида умргузаронлик қилиб келаётган 101 ёшли Абдураҳим ота Мавлоновдир.

photo5447263969220865291.jpg

Наврўз - шарқона янги йил байрами кунлари арафасида Беларусь Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич Абдураҳим отанинг хонадонига ташриф буюрди. 

Бир дастурхон атрофида ўзбекона лутф билан кутиб олинган элчи отахон билан Иккинчи жаҳон урушининг оловли жанггоҳларидан бири – Беларусь ҳудудини босқинчилардан ҳимоя қилиш, айниқса, 1944 йил 3 июлда Минск шаҳрини озод қилишдаги жасорати ва фидойилигини Беларусь халқи ҳеч қачон унутмаслигини таъкидлади.

photo5447263969220865296.jpg

Отахон билан қизғин кечган суҳбат давомида Леонид Маринич Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Абдураҳим ота Мавлоновга махсус медални тантанали равишда топширди. Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов томонидан ҳам отахонга эсдалик совғалари туҳфа қилинди. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Абдураҳим отанинг 100 ёшни қаршилаши муносабати билан нишонланган юбилейида элчи Беларусь Президенти Александр Лукашенко номидан Абдураҳим отага "Беларусь" трактори, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан эса "Дамас" автомашинаси туҳфа қилинган эди.

1 838
Авазбек Худойқулов, ЎзА