ЎзА Ўзбек

26.02.2020 Чоп этиш версияси

Бекзоднинг ташаббуси қўллаб-қувватланди

Бекзоднинг ташаббуси қўллаб-қувватланди

Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Равшанжон Насимов Хатирчи туманининг чекка Тасмачи маҳалласи ёшлари билан учрашиб, уларнинг ташаббус ва таклифлари билан қизиқди.

Дастлаб, сектор раҳбари маҳалладаги 17-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчилари билан учрашди. Ўқувчилар билан 45 дақиқалик дарс давомида турли мавзуларда суҳбат уюштирди. Ёшлар билан мулоқотда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида илм масканидаги амалий ишлар хусусан, ўғил-қизларнинг компьютер саводхонлигини ошириш, китобхонликка кенг жалб қилиш, мусиқа ва санъат сирларини ўргатиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш бўйича яратилган шарт-шароитлар муҳокама этилди. Самимий мулоқот тарзида ўтган дарсда ёшлар ўзларини қизиқтирган мавзуларда саволларига жавоб олди. Фаол ўқувчиларга китоблар жамланмаси туҳфа этилди.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Тасмачи маҳалласида 204 нафар вақтинча ишсиз ва уюшмаган ёшлар билан ўтказилган учрашувда уларнинг фикрлари билан қизиқиб, ўз ўрнида уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича самимий мулоқотларга киришди. Ёшлар ўз ташаббусларини илгари сурар экан, аввало тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил этди. Уларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, сектор раҳбари имтиёзли кредит ажратиш масаласини қатъий назоратга оладиган бўлди. Шу куни 10 дан ортиқ мурожаатлар ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди. Масалан, тасмачилик Бекзод Ортиқов тадбиркорлик қилиш мақсадида китоб дўкони очиш учун ер ажратиш масаласида сектор раҳбаридан кўмак сўради. Масала шу ернинг ўзида ҳал этилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

– Мазкур лойиҳамда мактаб ўқувчилари китоблардан бепул фойдаланиши ҳамда аҳолида китобхонлик маданиятини юксалтириш кўзда тутилган, – дейди Б.Ортиқов. – Вилоят 4-сектор раҳбари, 17-умумтаълим мактаби раҳбарияти ва туман мутасаддилари китоб савдосини ташкил этиш ва ихчам кутубхона барпо этиш ташаббусимни қўллаб-қувватлаганидан мамнунман.

Учрашув сўнгида фаол ёшларга спорт инвентарлари ва китоблар жамланмаси берилди.

Раҳбар ва ёшлар учрашуви сўнгида барча мурожаатларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорликда қилиниши зарур бўлган ишларнинг йўл хариталари ишлаб чиқилиб, ижросини таъминлашга келишиб олинди.

3 682
Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА