Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.08.2017 14:31 Чоп этиш версияси

Бекободда сайёр қабул: аксарият муаммолар жойида ҳал этилди

Бекободда сайёр қабул: аксарият муаммолар жойида ҳал этилди Мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, аҳолини ўйлантираётган муаммоларга тезкор ва жойида ечим топишнинг замонавий ва самарали механизми йўлга қўйилгани одамларнинг адолатга, давлатга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати вакиллари томонидан ўтказилган навбатдаги сайёр қабулда ҳам бу яққол ўз ифодасини топди.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бекобод шаҳар Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар турли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилди.

Мурожаатлар асосан банкдан кредит олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, турар-жой, коммунал хизмат, соғлиқни сақлаш, таълим тизимига алоқадор масалалар, пенсия ва нафақа таъминоти, тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоларга оид бўлиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

– Кўчамиз анчадан буён таъмирталаб бўлиб қолган эди, – дейди Бекобод шаҳрининг А.Набиев кўчасида яшовчи Феруза Ёқубова. – Сайёр қабулда мурожаатимиз ижобий ҳал қилиниб, мутасаддиларга кўчамизни таъмирлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Аҳоли мурожаатларининг тезкор ва жойида ҳал этилишига хизмат қиладиган бундай самарали тизим йўлга қўйилгани одамларни жуда хурсанд қилмоқда.

– Онам билан бирга 5 йилдан буён ижарада яшаймиз, – дейди Мафтуна Худойбердиева. – Уй сотиб олишга қўлимиз калталик қилади. Тўғри, бироз ноқулай бўлса-да, Халқ қабулхонасига мурожаат қилдик. Бугун ушбу сўровимизга жиддий эътибор қаратилиб, уйли бўлишимизга кўмаклашишга қарор қилинганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Худди ҳозироқ уйли бўлгандек хурсанд бўлдим. Кам таъминланган оилаларга давлат томонидан беғараз ёрдам кўрсатиладиган мана шундай адолатли тизим жорий этилгани учун Президентимиздан миннатдормиз.

Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири туради. Бинобарин, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган. Бу Бекобод шаҳрида ўтказилган сайёр қабулда ҳам фуқаролар муаммосига вақтида ва оқилона ечим топилганида яна бир карра намоён бўлди. Одамларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишнинг бундай самарали механизми уларнинг бугунидан рози бўлиб яшаши, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкам бўлиши, юртимизда кечаётган улкан ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик туйғуси юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сайёр қабулда Тошкент вилояти ҳокими Ш.Бобоев сўзга чиқди.

Абдулазиз Мусаев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
2 572






Все о погоде - Pogoda.uz