ЎзА Ўзбек

09.08.2018 09:41 Чоп этиш версияси

Бекобод ва Олмалиқ шаҳарлари ноодатий беллашмоқда

Бекобод ва Олмалиқ шаҳарлари ноодатий беллашмоқда

Президент томонидан Бекобод ва Олмалиқ шаҳарлари ўртасида ривожланиш мусобақаси эълон қилинганига бир йил бўлди.

Эътиборлиси, ушбу мусобақада қайси шаҳар ғолиб чиқишидан қатъи назар, ҳар икки томон аҳолиси ғалаба қозонади. Зеро, беллашув баҳона амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари қолади, минглаб инсонларнинг турмуш фаровонлигига эришилади. Ушбу ноодатий беллашув таг замирида аҳоли учун ҳар томонлама муносиб турмуш шароити яратиш, уларни ҳаётдан, бугунги кунидан рози қилиш каби энг олижаноб мақсадлар кўзлангани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 18 август куни Президентимиз Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига ташрифи чоғида Бекобод ва Олмалиқ шаҳарлари ўртасида ривожланиш бўйича мусобақа ўтказиш таклифини илгари сурган эди. Давлатимиз раҳбари одамларнинг турмушини яхшилашдек олижаноб мақсадларга хизмат қиладиган ушбу ўзига хос мусобақа шартлари ҳақида гапирар экан, “2017 йилнинг 1 сентябридан 2018 йилнинг шу давригача иккала шаҳарнинг ривожланиш тенденцияларини кузатиб борамиз. Бу икки металлургия комбинати ўртасида эмас, шаҳарлар ўртасидаги соғлом рақобат бўлади. 

Бозордаги нарх-наводан тортиб, аҳоли турмуши учун яратилаётган барча шароитлар инобатга олинади. Янги корхона ишга тушадими, янги иш ўрни яратиладими, барчасини эътиборга олиб борамиз“, деган эди. Мусобақа шарти маълум – янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ва коммунал хизматлар сифатини ошириш, маданий ҳордиқ чиқариши учун муносиб шароит яратиш, таълим ва тиббиёт сифатини яхшилаш.

Хўш, ушбу беллашувда қайси шаҳар ғолиб бўлади? Жараённи кузатишни давом этамиз.

Авазбек Худойқулов, ЎзА
7 569