Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2018 14:44 Чоп этиш версияси

Бекобод шаҳрида 2018 йилда қанча кўп қаватли уй-жой барпо этилади?

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган ҳар бири 42 хонадондан иборат иккита етти қаватли уй фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда барпо этилаётган арзон уй-жойлар ҳудудлар қиёфасини ўзгартириш билан бирга, эҳтиёжманд ва ёш оилалар турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида барпо этилган уйларда “Янги замон бино” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 6 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

– Янги уйимизда бахтиёр ҳаёт кечириши учун барча шароит яратилган, – дейди Азиза Абдуллаева. – Барча хоналар замонавий дизайн асосида қурилган, табиий газ, электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув, иситиш тизими, хуллас, ҳамма нарса бор. Уйлар атрофида дам олиш жойлари, болалар майдончалари, автомобиллар турар жойи ва чиқинди йиғиш пункти ҳам барпо этилган.

Айни пайтда ҳудудда аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилаш, шаҳар инфратузилмасини тубдан янгилаш, кичик саноат зоналари фаолиятини ривожлантириш билан бирга, эҳтиёжманд оилалар учун арзон уй-жойлар қуриш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 18 август куни Бекобод шаҳрига ташрифи чоғида барча соҳаларда амалга оширилаётган ишлар қатори ҳудудда янги уй-жойлар қурилишига ҳам алоҳида эътибор қаратган ва мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган эди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида шаҳарда 2018 йилда яна ўн бешта ана шундай кўп қаватли уй-жой барпо этиш режалаштирилган.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
10 442