ЎзА Ўзбек

09.08.2018 10:51 Чоп этиш версияси

Бекобод ривожланиш мусобақасида муносиб иштирок этяптими?

Бекобод ривожланиш мусобақасида муносиб иштирок этяптими?

Аввалги мақоламизда Президент томонидан Бекобод ва Олмалиқ шаҳарлари ўртасида ривожланиш мусобақаси эълон қилинганига бир йил бўлгани ҳақида айтган эдик. Хўш, ўтган вақт мобайнида Бекобод шаҳрида қандай ишлар амалга оширилди? 

photo5431439424211757348.jpg

Қарийб 93 минг аҳоли истиқомат қиладиган Бекобод шаҳрида сўнгги бир йилда салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Президентимиз ташрифидан сўнг 2017-2018 йилларда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Унда янги иш ўринлари яратиш, “Мустақилликнинг 27 йиллиги массиви“ни ташкил этиш, кўп қаватли уйларнинг иситиш тизимини яхшилаш каби аҳоли турмушининг бирламчи эҳтиёжини қаноатлантириш бўйича зарур чоралар қамраб олинди.

photo5431439424211757349.jpg

Маълумотларга кўра, мусобақа даврида шаҳарда саноат, тиббиёт, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида 137 та лойиҳа амалга оширилган. Натижада 2 минг 248 та янги иш ўрни яратилган. Президентимиз таклифига биноан “Мустақилликнинг 27 йиллиги массиви“ номини олган янги мавзеда 210 хонадонга мўлжалланган 5 та кўп қаватли турар-жой қад ростлаган. Яна шунча хонадонга мўлжалланган 5 та кўп қаватли турар-жойни қуриш ишлари бошланиш арафасида.

Давлатимиз раҳбари таклифи ва ташаббуси асосида шаҳарда кичик саноат зонаси ташкил этилди. Мазкур саноат зонасини ривожлантириш бўйича режалаштирилган 17,7 миллиард сўмлик 11 лойиҳадан ҳозирга қадар 3,4 миллиард сўмлик 3 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Бу 128 кишининг бандлигини таъминлаш имконини берди.

Шаҳар силга қарши курашиш диспансери ва 1-оилавий поликлиникада қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур тиббиёт муассасалари энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилади. Шунингдек, “Бекобод деҳқон бозори“ масъулияти чекланган жамияти ҳудудида гипермаркет, "Янгиҳаёт" маҳалласи ҳудудида 216 ўринга мўлжалланган мактаб биноси қурилиши якунланиш арафасида. “Бекобод-Ховос-Янгиер-Тошкент“ йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилгани ҳам аҳолининг узоғини яқин қилмоқда.

Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга доир фармон ва қарорлари ижроси юзасидан шаҳарда 3 та хусусий боғча фаолияти йўлга қўйилди. 3 тасида муддатли гуруҳлар ташкил этилди. Натижада боғча ёшидаги 200 нафардан ортиқ бола мактабгача таълимга жалб этилиб, уларни боғчага қамраб олиш ўтган йилгига нисбатан 4,4 фоизга ошди.

Шаҳар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашга ихтисослашган 3-сув олиш иншооти 1980 йилда қурилган бўлиб, сув насослари маънан эскирган. Боз устига, иншоотдан шаҳаргача бўлган 9,5 километр узунликдаги қувур қўшни Тожикистон Республикаси ҳудудидан ўтгани боис, сўнгги чорак асрда бирор марта таъмирланмаган. Натижада шаҳар аҳолисини мунтазам тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконсиз вазифага айланган.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифидан сўнг қисқа фурсат ичида 3-сув олиш иншооти жаҳондаги етакчи фирмаларнинг замонавий сув олиш технологиялари билан жиҳозланди. 9,5 километрга янгидан қувур ётқизилди. Натижада нафақат шаҳар аҳолисининг тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммосига барҳам берилди, балки ойига 300-350 минг киловатт электр энергиясини тежаш имконияти яратилди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, электр энергияси, сув ва бошқа барча йўқотишлар билан қўшиб ҳисоблаганда, бир ойда ўртача 85 миллион сўм тежалаётир. Демак, лойиҳага сарфланган 12 миллиард сўм маблағ 11 йилга етмасдан фақат тежамкорлик ҳисобига тўлиқ қопланади. Тежалаётган электр энергияси эса янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга замин яратиши, зимистон кўчалар, ўчиб-ёниши одат бўлиб қолган минглаб хонадонларга нур олиб кириши шубҳасиз.

Шаҳардаги 349 та кўп қаватли уйда 13 минг 752 та хонадон бўлиб, ушбу уйлардаги иситиш тизимининг яхши ишламаслиги одамларни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган асосий муаммолардан эди. Сўнгги бир йилда 2 минг 376 та хонадонга имтиёзли кредит асосида икки контурли иситиш қозонлари ўрнатилди. Жорий йил якунига қадар яна 3 минг 400 та ана шундай иситиш қозони ўрнатиш режалаштирилган.

Шаҳар аҳолисининг ишдан ва ўқишдан бўш вақтини мазмунли ўтказишини таъминлаш мақсадида 22 гектар ташландиқ майдонда замонавий боғ ташкил этилган. “Ёшлар боғи“ номини олган мазкур кўнгилочар масканга 15 та замонавий аттракцион ўрнатилган. Иккита мусиқали фаввора, иккита сунъий кўл, пиёда ва велосипедчилар учун боғ бўйлаб алоҳида йўлакча, мини-футбол, теннис ва баскетбол майдончалари ташкил этилган. Қарийб 5 минг туп манзарали дарахт кўчати экилиш билан бирга, аввалдан мавжуд бўлган 1 минг тупи сақлаб қолинган. Боғнинг 7 гектар қуйи қисмида сокин ҳудуд барпо қилиниб, 1,5 минг китоб фондига эга кутубхона фаолияти йўлга қўйилган. Биз борган куни бу ерда шаҳар ёшларининг бир гуруҳи адабиёт ва санъатнинг турли йўналишлари бўйича ижод билан машғул бўлса, бошқалари зўр бериб, давлат тест имтиҳонларига тайёргарлик кўрмоқда эди. Кишини тўлқинлантириб юборадиган ниҳоятда ажиб манзара, дилинг яйрайди, беихтиёр мутолаага ўтиргинг келади.

Аҳоли учун яратилган қулайликлардан яна бири – асосий темир йўл устидан Фарҳод, "Истиқлол" ва "Цементчи" маҳаллаларини шаҳар билан боғловчи янги йўл очилганидир. Илгари ушбу маҳаллаларга ўтиш ёки қайтиш учун 8 километр масофани айланиб келиш талаб этилар эди. Янги йўл очилиши билан бу масофа энди бор-йўғи 200 метр, ҳу десанг, эшитиладиган даражада яқин.

А. Худойқулов, ЎзА
6 097