Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.07.2018 19:25 Чоп этиш версияси

“Bek Сluster” далаларида иш қизғин

Сирдарё вилоятидаги “BEK Сluster” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона тасарруфидаги 24 минг 900 гектар майдоннинг 14 минг гектарига чигит экилиб, парваришланмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябрдаги “Сирдарё вилоятида замонавий пахтачилик-тўқимачилик кластерини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган корхонада 1 минг 500 киши доимий иш билан таъминланган. Жорий йил якунига қадар иш ўринларини 3 мингтага, барча лойиҳалар ишга туширилгач эса, 10 мингтага етказиш режалаштирилган.

Корхонага қарашли ерларнинг балл бонитети ўртача 45 баллни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, тупроқ таркибида гумусни кўпайтириш ҳисобига ер унумдорлигини ошириш мақсадида 2018 йил охиридан бошлаб ҳар йили 3 минг гектар майдонга “яшил ўғит”, яъни сидератбоп экинлари экиш режалаштирилган. Бу борада айрим ишлар бошланган бўлиб, ҳозирда 40,6 гектар майдонда уруғлик олиш учун Сербия давлатидан келтирилган арпа, буғдой, сули, жавдар, тритикале, рапс экинлари экилди.

Корхонага ажратилган экин майдони 8 хўжаликка бўлинган. Уларнинг ҳар бири ўртача 3 минг гектарлик экин майдонига эга. Ушбу хўжаликлар таркибида ҳар бири ўртача 120-150 гектарлик экин майдони бўлган 192 бригада ташкил этилган. Бригадаларнинг ҳар бирига 12-15 доимий ишчи қабул қилинган, мавсумий ишчилар ҳам жалб этилади. Ҳар бир бригадада 2 гектардан аччиқ қалампир экиш белгиланган. Бу ерда гектаридан 20 тоннагача қалампир олиш имконияти мавжуд. Ойлик иш ҳақидан ташқари қалампирдан олинадиган ҳосилдорликнинг 50 фоизи қўшимча даромад сифатида ишчи ва бригадирларга берилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга жалб этилган 1 минг 800 мавсумий ишчининг мавсумдан ташқари ҳам ишли бўлиши ва йил бўйи даромад олишини таъминлаш мақсадида аҳолига касаначилик, қуёнчилик, пиллачилик билан шуғулланиши ва хонадонларда қалампир етиштириши учун шароит яратиб берилмоқда. Аҳоли хонадонида етиштирилган маҳсулотлар корхона томонидан харид қилиниб, қайта ишланади ва экспортга йўналтирилади.

Корхонада барча жараён тўлиқ компьютерда бошқарилади. АҚШнинг “Trimble” компанияси билан имзоланган шартномага асосан қишлоқ хўжалиги экинлари қатор орасига ишлов бериш GPS электрон тизими аниқлигида олиб борилади. Қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши курашишда махсус дронлардан фойдаланилмоқда.

“BEK Сluster” корхонасининг пахта далаларида парваришланаётган ғўза ниҳолларини ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида “Мирзачўл” хўжалигида бўлдик. Хўжаликнинг 3 минг 500 гектар ери бўлиб, унинг 1 минг 603 гектарига чигит қадалган. Айни пайтда ғўза ниҳоллари баравж ўсмоқда. Хўжалик аъзолари ҳар гектар майдондан 30 центнердан ҳосил кўтариш ва 4 минг 800 тонна қимматбаҳо хомашёни корхонанинг ўзида қайта ишлаш учун етказиб бериш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда.

– 19 бригадага бўлинган хўжалигимиз далаларининг 960 гектарига “Султон”, 643 гектарига “С-6924” ғўза навлари экилган, – дейди хўжалик бош ҳосилоти Эркин Маматқулов. – Бугунги кунгача ғўза қатор ораларига беш марта ишлов берилди.

Хўжалик далаларида 15 тракторчи, 100 сувчи меҳнат қилмоқда. Ишчилар нонушта, шунингдек, икки маҳал иссиқ овқат ва махсус кийим-бош билан таъминланган.

– “BEK Сluster” корхонаси далаларида 155 қишлоқ хўжалиги техникаси ишлатилмоқда, – дейди техник хизмат кўрсатиш кўчма бригадаси бошлиғи Шамсиддин Давлатов. – Уларда бирор носозлик бўлса, бош офисда жойлашган машина-трактор паркига махсус алоқа воситаси орқали хабар берилади. Носозликни бартараф этиш учун кўчма сервис хизмати кўрсатиш бригадаси зудлик билан етиб боради. Корхона қошида кичик таъмирлаш ишларини амалга оширувчи 4 кўчма техник-сервис хизмати кўрсатиш бригадаси, 1 катта таъмирлаш ишларини амалга оширувчи бригада ташкил этилган.

Мухтасар айтганда, “BEK Сluster” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонада барча иш замонавий тарзда йўлга қўйилган.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
4 858