ЎзА Ўзбек

02.02.2018 07:22 Чоп этиш версияси

Бефарқ қараб туришга ҳақли эмасмиз

Бефарқ қараб туришга ҳақли эмасмиз
Академик Азиз Қаюмовнинг Тошкент шаҳар ҳокимига “Очиқ хат”и эълон қилинганига ҳам мана икки ҳафтадан ошиқ вақт ўтди. Бироқ, шу вақтга қадар шаҳар ҳокимияти раҳбарлари томонидан бу хатга бир оғиз ҳам муносабат билдирилмагани одамни ўйлантириб ва ташвишга солиб қўяди. 

Бугунги кунда мамлакатимизда асос эътибори билан ўзгартирилаётган ва ҳар жабҳада янгиланаётган воқелик одамни ғайратга, журъатга ундайди. Шунинг учун ҳам эркин фикрлаш, очиқ сўзлаш кундан-кунга кучайиб, қулоч ёзиб бораётир. Бундан ҳар қанча қувонсак арзийди, албатта. 

Академик Азиз Қаюмовнинг мазкур очиқ хати биз адабиётшунос олимлар ва кўпчилик ижод аҳлининг айни кўнглида гап бўлди десак, муболаға бўлмайди. Чунки, мамлакатимизда музейлар кўп, бироқ улар орасида Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи айрича аҳамиятга эга. Республикамиздаги бошқа кўплаб музей ва илмий муассасаларнинг ташкил топишида айнан ушбу музейнинг хизмати катта. Бир пайтлар Ҳамид Сулаймоновдек олим бу музейни юксак бир мақомга кўтарган, унинг довруғини дунёга таратган эди.

Афсуски, кейинги йилларда музейга эътибор берилмай, қаровсиз ҳолга ташлаб қўйилди. Очиғи, ҳар гал зиёрат қилгани ёхуд бирор бир тадбир юзасидан бу ерга келсак, Алишер Навоий номи билан аталадиган музейнинг аҳволини кўриб, юрагимизнинг бир чеккаси ачишиб кетади. Чунки, бу музейда фольклор намуналаридан тортиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларнинг қўлёзмалари, бугунги кунда ҳам ижод қилиб келаётган ижодкорларнинг архиви жой олган муҳташам бир даргоҳдир. Қоидага кўра музей жойлашган бинода фаолият тури айрича бўлган бошқа ташкилотнинг жойлашувчи мақсадга мувофиқ эмас.

Шу маънода “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳаммамизни, барча адабиётшунослар қатори бизни ҳам бирдек хурсанд қилди. Қарорда белгилаб берилганидек, музей биноси реконструкция қилиниб, қайта таъмирланса, замонавий жиҳозлар билан таъмирланса, бугунги кун талабларига жавоб берадиган музейга айланишига ҳеч шубҳа йўқ. Аммо музей биноси илгариги ҳолидагидек яхлит музейга қайтарилиб берилмас экан, бу таъмирлаш кутилган натижани бермайди.

Айни пайтда, очиқ хатда тўғри таъкидланганидек, биз ҳамиша тадбиркорларимизни қўллаб, қувватлашимиз керак. Имкон қадар уларга кўмак беришимиз зарур. Мамлакатимиз раҳбари урғулаётгандек, тадбиркорлик ривожланса, халқ бойийди, мамлакат ривожланади. Бироқ, бу тадбиркорлик Алишер Навоийдек алломаларимизнинг меросига ҳурматсизлик ҳисобига бўлмаслиги керак. Бу ўринда тадбиркор эмас, балки уларни ҳам ноқулай аҳволга солиб, минг ҳижолатга қўйиб, музейдан жой ажратиб берган шаҳар ҳокимияти раҳбарлари жавоб беришлари керак, деб ўйлаймиз.

Мамлакатимиз пойтахтига ташриф буюрган ҳар бир меҳмон, сайёҳ энг аввало шаҳарнинг қоқ марказидаги ушбу музейга албатта қизиқади, шунга қараб бизнинг адабиётга, миллий меросга муносабатимиз ҳақида ҳукм чиқаради.

Бугун босаётган ҳар бир қадамимиз, айтар сўзимиз бугунги ўзгаришларга мос ва хос бўлиши даркор. Мамлакат раҳбари бугун ҳар биримиздан ўз касбига садоқат, шижоат ва шиддатни талаб қилаётган экан, бу ишни энг аввало ўтмиш меросга, миллий маънавиятимизга муносабатни тўғри шакллантириб олишдан бошлашимиз, даркор. Бефарқ қараб туришга бугун ҳеч биримиз ҳақли эмасмиз.

Шаҳар ҳокимиятидагилар бу “очиқ хат” ни яна бир бор керакли давраларда муҳокама қилиб, йўл қўйилган хатони ўз вақтида тузатадилар ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейидан ноқонуний равишда олиб қўйилган қисми тез орада яна музейга қонуний равишда қайтарилади, деб умид қиламиз.

Бахтиёр Назаров, 
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби,
филология фанлари доктори, профессор

Наим Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби,
филология фанлари доктори, профессор

Тўра Мирзаев, 
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби,
филология фанлари доктори, профессор


Bezymyannyj-2-e1508758190635 - копия.pngБахтиёр Назаров – 1945 йил 19 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган.

Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, илмий котиб, директор, бўлим мудири, Ўзбекистон Фанлар академияси Бош илмий котиби ўринбосари, вице-президент вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Бахтиёр Назаровнинг илмий изланишлари ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиёти, хусусан, танқидчилик ва адабиётшунослик методологияси муаммолари, адабиёт назарияси ва адабий алоқа масалаларига бағишланган. Академик олим тадқиқотларида Фитрат, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов маҳорати масалалари ўрганилган. Ойбекнинг 20 жилдли “Мукаммал асарлар тўплам”ини нашрга тайёрлашда катнашган.

Кўплаб монография, илмий тўплам, мақола ҳамда «Ўзбек адабиёти», «XX аср ўзбек адабиёти тарихи» каби қатор дарсликларнинг муаллифи ҳамда ҳаммуаллифларидан бири.


naim_karimov2.jpgНаим Каримов – 1932 йилда 12 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган.

1958 йилдан бери ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида хизмат қилиб келади. У Институтда кичик, катта, етакчи илмий ходим ҳамда “Ҳозирги ўзбек адабиёти ва адабий жараён” бўлими мудири, “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси раиси, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори, айни пайтда етакчи илмий ходими лавозимларида ишлаб, халқ хотирасидан ситиб чиқарилган ёзувчилар, журналистлар, фан, маориф ва маданият ходимларига бағишланган юзлаб мақолаларни эълон қилиб, сталинча қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ишига катта ҳисса қўшиб келмоқда.

Наим Каримовнинг 1000 га яқин илмий, адабий-танқидий ва илмий-оммабоп ишлари эълон қилинган. Улардан 20 га яқини монография, 9 таси дарслик ва ўқув қўлланмалардир. Олимнинг илмий мақолалари АҚШ, Англия, Германия, Франция, Россия, Туркия, Украина, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон сингари хорижий мамлакатларда ҳам нашр этилган.


13173694_586050134882916_2036868195471209456_n - копия.jpgТўра Мирзаев – 1936 йил 6 мартда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Фольклоршунос олим.

Тўра Мирзаев ўзбек филологиясининг атоқли намояндаларидан бири, халқ оғзаки бадиий ижодиётини кенг кўламда тадқиқ этишдан иборат фундаментал илмий мактабга асос солган улкан фан ташкилотчиси, эпосшуносликнинг кўплаб назарий масалаларини жаҳоншумул даражада ҳал қилган йирик фольклоршунос олим.

Тўра Мирзаевнинг 600 дан ортиқ илмий, услубий, илмий-оммабоп ишлари эълон қилинган. Улардан 5 таси монография, 5 таси дарслик ва ўқув қўлланмалар, 45 таси китоб ва фольклор тўпламларидир. Олимнинг китоб ва мақолалари Россия, Германия, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон каби мамлакатларда ҳам нашр этилган.

ЎзА
34 959