ЎзА Ўзбек

18.05.2020 Чоп этиш версияси

БЕБАҲО МАСКАН

БЕБАҲО МАСКАН
18 май – Халқаро музейлар куни

Музейлар – юрт кўрки. Улар тарих, маданият, маърифат, соҳаларнинг тараққиёт босқичи ҳақида сўзлайди.

Ўзбекистонга келган хорижлик меҳмон борки, юртимиздаги музейлар фаолияти, ундаги нодир осори-атиқалар билан танишмай қолмайди.

Юртимизда қабул қилинган тегишли дастурлар асосида музейлар фаолиятини замон руҳига монанд йўлга қўйиш, моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Буларнинг бари музейларимиз иши такомиллашувида, уларга ташриф буюрувчиларнинг сафи кенгайишида муҳим омил бўлмоқда. Кўпинча мозийгоҳларга болаларнинг ўз устозлари билан бирга саф-саф бўлиб келаётганининг гувоҳи бўламиз. Ҳа, музейлар очиқ дарс ўтиш, қўшимча машғулотлар, экскурсиялар ташкил этишда, ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда яхши имкониятларни очиб бермоқда.

Сайёҳлару ўқувчилар қадами узилмайдиган музейларга биз катталар қанчалик тез-тез борамиз, умуман, ҳеч борганмизми?

Замон тезкор, вақт тиғиз. Баъзан шошилинчда кўчада машина тўхтатишга тўғри келиб қолган пайтлар ҳам бўлган.

– Тарих музейини ёнига, – дейман шошилиб.

Кўпинча ҳайдовчиларнинг қош-қовоғини уйиб, “қаерда эди, қаранг, музейларни билмас эканман. Бормагандан кейин билмайди-да одам...“ деган жавобига дуч келаман. Ҳа, шофёр бозорни билсин, савдо расталарию тўйхоналарни, ресторанларни билсин... Ўша жойларга кўплар ўзини кўпроқ уради. Музейда нима бор? У ерда пул йўқ, “тирикчилик“ йўқ, ижтимоий тармоқлардаги каби васваса, олди-қочди ғийбатлар йўқ... Ҳайдовчининг фикрини уққандекман. Кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсиз.

Аслида бор бебаҳо бойлик, билим, маърифат, маънавий, маданий мероснинг бари музейларда-ку! Бугунги кунда ушбу маърифат масканларида ўз касбига чиндан содиқ, энг фидойи одамлар меҳнат қилади, десак бу ҳам айни ҳақиқат. Юртимизга келган хорижий меҳмонлар билан суҳбатлашганда уларнинг Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи музейлари ва бошқа маърифий масканлар, очиқ осмон остидаги мозийгоҳлар ҳақида тўлқинланиб сўзлаганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Дарҳақиқат, музейларимиздаги экспонатларнинг азбаройи бойлиги ва ранг-баранглигидан уларнинг аксарияти билан бир кунда тўлақонли танишиб чиқишнинг иложи ҳам йўқ.

Маданият вазирлиги томонидан музейларга виртуал саёҳат қилиш, Миллий музей жамғармаси электрон каталогини яратиш ва уни ишга тушириш юзасидан кўплаб хайрли ишларга қўл урилди. Соҳага тааллуқли бир қатор лойиҳалар, эзгу ташаббуслар ҳам бошланган.

Карантин қоидалари асталик билан юмшатилмоқда. Куни келиб сирли хасталик бари бир енгилади. Музейларга яна одамлар кела бошлайди. Зеро, мозийгоҳлар тафаккуримиз бойиши, дунёқараш кенгайиши, билимларнинг ортишида ишончли манба.

4 205
Назокат УСМОНОВА, ЎзА