ЎзА Ўзбек

05.09.2018 16:49 Чоп этиш версияси

Беғубор орзулар остонасида

Беғубор орзулар остонасида 5 сентябрь куни мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида 2018/2019 ўқув йили бошланди.

Мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва иштиёқини тобора кучайтиришга, ўқитувчилик касбининг обрўсини тиклаш ва оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Президентимизнинг 2018 йил 14 августдаги "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борадаги амалий ишларни янги босқичга олиб чиқишда янги имкониятларни очмоқда.

photo5224407011108694435.jpg

Янги ўқув йилида педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузини юксалтириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позицияга эга, фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашга оид ишларни давр руҳига мос тарзда такомиллаштириш, умумтаълим мактаблари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият, олимпия захиралари мактаб-интернатлари, академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларида фаоллиги учун олтин ва кумуш медаллар таъсис этилди.

Таълим муассасалари ходимларининг ойлик маоши оширилди. Ўқитувчилар таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган турли йиғилиш ва тадбирларга жалб этилмайдиган бўлди. Умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларидан дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш, синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш қатъий тақиқланди. Бу эса педагогларни таълим сифати, ёшлар тарбиясига тобора кўпроқ эътибор, вақт ажратишида, ўз касбига садоқат, ҳафсала билан ёндашишида асосий омиллардан биридир.

...Барча таълим масканлари каби пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 224-умумтаълим мактабида ҳам янги ўқув йили тантанали руҳда бошланди.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янграйди. Юртимиз байроғи ҳилпирайди. Гулдасталар тутган ўқувчилар, устозлар, жамоатчилик вакилларининг қалбида ҳаяжон, фахр-ифтихор. Ўзбекистонимизни, истиқлолни, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликни тараннум этувчи шеър ва қўшиқлар янграйди. Янги ўқув йилида илк сабоқ учун биринчи қўнғироқ жаранглайди.

photo5224407011108694436.jpg

Бир пайтлар тумандаги қолоқ мактаб саналган бу билим маскани соҳадаги ислоҳотлар натижасида бугунги кунда илғор ўқув даргоҳлари қаторидан ўрин олган. Аввал мактабда 300-400 ўқувчи таҳсил олган бўлса, бугун улар 1470 ни ташкил этаётгани ушбу ўқув даргоҳида таълим сифатини ошириш йўлидаги интилишларнинг амалий натижаси, дейиш мумкин.

– Фарзандларимизнинг ўқишга иштиёқини янада кучайтириш ва рағбатлантиришга оид илғор ташаббусларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди мактаб директори Наргиза Азимова. – Янги ўқув йилида янги кутубхона, қўшимча спорт зали, стадион, меҳнат синфхоналари барпо этилди. Ўқув кабинетлари илғор техникалар билан жиҳозланди. Моҳир педагоглар ижодий танлов асосида ишга қабул қилинмоқда. Ўғил-қизлар учун шахмат, ментал арифметика, хорижий тиллар, спорт, чеварлик каби йўналишларда қўшимча тўгараклар ташкил этилди.

– Бизга кўрсатилаётган эътибор таълимда ҳам яққол кўзга ташланмоқда, – дейди 11-синф ўқувчиси Абдулазиз Дадабоев. – Бунга жавобан билдирилаётган ишончни оқлаш, унга муносиб бўлиш, аъло ўқиш бурчимиздир.

Барча жойларда бўлгани каби илк сабоқ – Мустақиллик дарси “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилди. Президент совғаси – 12 номдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари бу йил 1-синфларга қабул қилинган 645 минг нафардан ортиқ ўқувчига тантанали топширилди.

Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов, О.Мирсоатов (сурат), ЎзА
5 162