ЎзА Ўзбек

12.06.2019 16:49 Чоп этиш версияси

Баъзан аёллар ҳомиладорлик даврининг анча кечиккан пайтида шифокорга мурожаат қилади

Баъзан аёллар ҳомиладорлик даврининг анча кечиккан пайтида шифокорга мурожаат қилади
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида “Соғлом аёл ойлиги“ доирасида анжуман ташкил этилди.

Унга тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиникалар, соғломлаштириш масканлари мутахассислари таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова мамлакатимизда аёллар саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Юртимизда миллат генофондини янада соғломлаштиришга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари ҳаётга тизимли жорий этилмоқда. Айни пайтда репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, соғлом фарзандни дунёга келтириш, камолга етказиш борасидаги эзгу қадриятларни эъзозлаш, бу йўналишдаги тиббий хизмат сифатини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

“Соғлом аёл ойлиги“ доирасидаги ижтимоий-соғломлаштириш акциясида бу борадаги ишлар кўлами янада ошди. Репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир амалий механизм саломатлик мактаби, аёллар маслаҳатхонаси, перинатал-скрининг марказлари, туғруқ комплекслари, қизлар саломатлиги марказларида изчил амалга оширилмоқда.

– Баъзан аёллар ҳомиладорлик даврининг анча кечиккан пайтида шифокорга мурожаат қилади, – деди Тошкент шаҳар Яшнобод тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Муаттархон Абдуллаева. – Биз ҳомиладор аёлларни тўлақонли тиббий назорат билан ўз вақтида қамраб олиш, уларнинг назоратда бўлишини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратаяпмиз. Бу жараёнда кўп тармоқли поликлиникаларда перинатал-скрининг хоналари ташкил этилгани қўл келаяпти.

– Мазкур ойликнинг ўзига хос жиҳати аёлларни соғлом ҳомиладорлик ва соғлом туғруқ жараёнига тайёрлаш, – деди Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бош мутахассиси Зулфия Абдуллаева. – Аниқланган касалликларни даволашга оид режалар тузиш, шифо масканларига йўналтиришга жиддий эътибор қаратаяпмиз.

Анжуманда аҳоли саломатлиги, оналик ва болалик тиббий-ижтимоий муҳофазаси йўлида олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш юзасидан вазифалар белгиланди.

Н.УСМОНОВА, ЎзА
1 744