Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.06.2018 20:30 Чоп этиш версияси

Байрамга муносиб туҳфа

Бухоро вилояти Ромитан тумани “Қумработ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Гулистон қишлоғида 18-давлат мактабгача таълим муассасаси биноси мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида иш бошлаган муассасанинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, ота-оналар иштирок этди.

Мамлакатимизда ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этувчи мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 18-давлат мактабгача таълим муассасаси бундан 43 йил аввал барпо этилган. Бу ерда атиги тўртта гуруҳ фаолият кўрсатар эди. ”Обод қишлоқ” дастури доирасида кўплаб лойиҳалар, жумладан, мазкур мактабгача таълим муассасасида катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Хоналар таъмирланиб, замонавий жиҳозланди. Фаолияти йўлга қўйилаётган 12 гуруҳнинг ҳар бири учун махсус ўйин майдончаси қурилди. Ана шу бунёдкорлик ишларига 3,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.

– Боғчада фарзандларимизнинг таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилганидан мамнун бўлдик, – дейди очилиш маросимида ота-оналар номидан сўзга чиққан Иқлима Бобоева. – Президентимизга раҳмат, биз, ота-оналар учун кенг имкониятлар яратиб бермоқда. Мамлакатимизнинг қатор ҳудудлари, жумладан, вилоятимизнинг Олот, Қоракўл, Пешку, Шофиркон ва Ромитан туманларида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида болаларни сақлаш учун амалга оширилаётган тўлов миқдори 2023 йил 1 январга қадар икки бараварга камайтирилди. Бу имтиёз оилаларни молиявий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мукаммал таъмирланиб, имкониятлари кенгайган муассаса 280 нафар болани қабул қилади. Бу Гулистон ва унинг атрофидаги қишлоқларнинг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалари тўла қамраб олинади, дегани.

Вилоятнинг Ғиждувон тумани марказида “Доно чемпион” номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади. 140 ўринли таълим муассасаси маҳаллий фермер Акмал Халимов томонидан барпо этилди. Унинг қурилишига лойиҳа ташаббускори ва тижорат банкининг қарийб 5 миллиард сўмлик маблағи сарфланди. Ҳозирда бу ерда 6 гуруҳ фаолият кўрсатмоқда.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси маълумотига кўра, айни пайтда вилоятдаги 7 ёшгача бўлган ўғил-қизларнинг 35,1 фози мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Йил охиригача бу кўрсаткич 47 фоизга етказилади.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
4 241