ЎзА Ўзбек

26.12.2016 14:53 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизнинг чегара ҳудудларида Янги йил байрами тинч-осойишта ўтади

Сурхондарё вилоятида ҳам Янги йил байрамини тинч-осойишта, юксак савияда нишонлашга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар, корхона ва ташкилотлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, кўча ва хиёбонлар байрамона безатилган.

Байрамни тинч-хотиржам, осойишта ўтказиш, йўл-транспорт, ёнғин ва бошқа хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари белгилаб олинган. Қўшни давлатларга чегарадош маҳаллаларда осойишталикни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Музработ тумани қўшни давлатлар билан чегарадош. Туманда 9 қишлоқ ва 64 маҳалла фуқаролар йиғини, 58 умумтаълим мактаби, 8 касб-ҳунар коллежи фаолият юритмоқда.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида нишонланадиган байрамга қизғин тайёргарлик кўрилди, – дейди Музработ тумани ҳокими ўринбосари Қилич Каримов. – Байрам тадбирларига туман маданият ва спорт ишлари бўлими қошидаги бадиий жамоалар жалб этилди. Байрам арафасида кам таъминланган оилалар, ёлғиз қариялар ва истиқлол йиллари халқимиз тинчлиги учун жон фидо қилган ҳарбийларнинг хонадонида бўлиб, уларга совға-саломлар берилмоқда.

Туман деҳқон бозорида байрамолди қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилган. Янги йил арафасида чиройли безатилган арча ва унинг атрофидаги ўйин-кулги, қизиқарли театрлаштирилган саҳна кўринишлари болаларга олам-олам завқ бағишлайди. Шу мақсадда Қорбобо ва Қорқиз совға-саломлар, санъаткорлар қизиқарли дастурлар тайёрлаган.

Ишчи гуруҳ аъзолари, ички ишлар ва бошқа тегишли идоралар ходимлари, маҳаллалар фаоллари ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида байрамни юқори савияда, яхши кайфият билан қарши олиш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бормоқда. Жойларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, пиротехника воситаларидан фойдаланишнинг салбий оқибатлари бўйича тадбирлар ўтказилиб, огоҳлик ва ҳушёрликка эътибор кучайтирилмоқда.

– Маҳалламизда Янги йил байрамига тайёргарлик ишлари якунланмоқда, – дейди “Фидокор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Рўзиев. – Уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламиз ҳудудида иккита умумтаълим мактаби, битта қишлоқ врачлик пункти мавжуд. Шодиёна арафаси ва ўқувчиларнинг қишки таътил кунларида хотиржамликни таъминлаш борасида амалга ошириладиган тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ана шу режа асосида Янги йил байрами ва фарзандларимизнинг қишки таътилини кўнгилдагидек ташкил этиш, тинч, фаровон ва обод турмушнинг қадрига етиш хусусида суҳбатлар ўтказилмоқда. Кам таъминланган оилалар, кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари топширилмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
5 033