ЎзА Ўзбек

14.08.2018 20:06 Чоп этиш версияси

Байрам осойишта ўтади

Байрам осойишта ўтади Юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини, мулк дахлсизлигини, ижтимоий ва иқтисодий объектларда хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлашда ички ишлар идоралари қўриқлаш хизматининг алоҳида ўрни бор.

Буни Наманган вилояти Наманган тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги қўриқлаш бўлими фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бўлим шахсий таркиби томонидан халқ хўжалиги объектлари ва фуқаролар хонадони ишончли қўриқланиши, шунингдек, ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида ижтимоий вазият барқарорлиги ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни фош этишда намунали иш олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярмида туманда қўриқланаётган объект ва хонадонларда ўғирлик, босқинчилик, ёнғин ва бошқа турдаги жиноятлар содир этилмади. Бўлимда нарядлар масъулиятини ошириш, хизмат фаолиятини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида такомиллаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

Бугунги кунда тизим саф бўлинмалари томонидан 80 дан зиёд халқ хўжалиги объекти ва аҳоли хонадони ишончли қўриқлаб келинмоқда. Ушбу объектларнинг барчаси қўриқлаш ва ёнғин хавфсизлиги сигнализациялари билан таъминланган. Таълим, банк муассасалари, корхона ва ташкилотлар, савдо дўконлари хонадонлар каби 79 объект техник қўриқлаш пунктига уланган ва қўриқдаги объектларнинг 4 таси икки ва уч босқичли қўриқлаш хабаргоҳлари билан жиҳозланган. Аҳоли ўртасида, шунингдек, халқ хўжалиги ва хусусий сектор объектлари раҳбарлари билан қўриқлаш хизматининг афзалликларига доир олиб борилган самарали тарғибот ишлари натижасида жорий йилнинг 6 ойида жами 16 объект техник қўриқлаш пункти орқали янгидан қўриққа олиниб, қўриқлаш-ёнғин сигнализация воситалари билан жиҳозланди. 

5.jpg

– Бугунги кунда қўриқлаш бўлими фаолиятига инновацион технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди туман қўриқлаш бўлими бошлиғи Д.Ҳакимов. – Айниқса, “Хавфсиз хонадон” дастури бўйича киришилган амалиёт арзон, қулай ва ишончли экани билан одамларни кўпроқ қизиқтирмоқда. Дастурга асосан хонадонларга бепул, фақат ойига 17 минг сўм хизмат ҳақи тўлови билан замонавий техник қўриқлаш қурилмалари ўрнатиб берилмоқда. Жорий йилда 14 хонадон шундай воситалар билан таъминланди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қулай шартлар асосида, яъни соатбай тўлов ҳисоб-китоби билан қўриқлаш хизмати кўрсатиш бўйича техник жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Қўриқлаш бўлими жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, уларнинг олдини олиш борасида вилоят миқёсида ўтказилган “Антитеррор-Тозалаш”, “Арсенал”, “Қорадори-2018”, “Тонг” каби кенг қамровли тадбирларда ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Йилнинг ўтган даврида бўлим шахсий таркиби томонидан 10 дан ортиқ жиноят фош этилишига муносиб ҳисса қўшилди. Жиноятчиликнинг олдини олишда асосий омиллардан бўлган маъмурий амалиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, турли ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган 13 нафар шахс ҳудудий ички ишлар идоралари ва профилактика таянч пунктига олиб келиниб, қонуний чоралар кўриш учун топширилди.

Оз миқдорда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 9 нафар шахс ушланди. Улардан 1 миллион 700 минг сўмликка яқин моддий-товар бойликлар олиниб, мулк эгаларига қайтарилди ва тақдим этилган ҳужжатларга асосан суд идоралари томонидан ушбу ҳуқуқбузарларга маъмурий чоралар кўрилди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2017 йилда майда талон-тарожлик бўйича 90 га яқин ҳолат аниқланган, жорий йилда бу кўрсаткич 90 фоизга камайгани туманда жиноятчилик профилактикаси бўйича ишлар самарадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради.

Айни пайтда бўлим шахсий таркиби томонидан жорий йил 27 июль куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар, қўйилган талаблар асосида фаолият самарадорлигини янада ошириш, хусусан, Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами тинч-осойишта ўтишини таъминлаш чора-тадбирлари устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, қўриқланаётган объектларнинг техник жиҳатдан мустаҳкамлигини яхшилаш, замонавий қўриқлаш техника воситалари билан жиҳозлаш, мавжуд сигнализацияларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш борасида тегишли идоралар ва хизмат вакиллари билан ҳамкорликда барча объектлар ўрганиб чиқилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, туман ҳокимлиги, прокуратура ва объектлар раҳбарларига ахборот ва тақдимномалар киритилди.

Қўриқланаётган объектларнинг турли фавқулодда вазиятларда муҳофазасини таъминлаш, бунда қўриқлаш бўлими, объектларнинг фуқаро муҳофазаси жамоат тузилмалари жанговар шайлигини ошириш, туман ички ишлар бўлими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа мутасадди идоралар, туман ҳокимлиги билан ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш, уларда касб маҳорати ва кўникмасини ошириш мақсадида “Ёнғин”, “Қуролли ҳужум”, “Оммавий тартиббузарликлар”, “Қалъа”, “Ташвиш” хабарлари асосида махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилаётир.

Қўриқлаш тизимларида кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, маҳоратини ошириш, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида бўлимда хизмат фаолиятини бошлаган ёш ходимларга ички ишлар идораларида катта амалий тажрибага эга, обрў-эътиборли, тарбиявий ишга қобилиятли ходимлар мураббий этиб бириктирилади. Уларни хизматга фаол, меҳнатсевар, малакали мутахассис, ҳалол, пок, хушмуомала этиб тарбиялаш йўлга қўйилган. Маънавият ва маърифат дарслари, хизмат ва жанговар тайёргарлик машғулотлари тасдиқланган жадвал асосида ўз вақтида ва сифатли ўтказилмоқда.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
9 802