ЎзА Ўзбек

06.09.2018 17:22 Чоп этиш версияси

Байрам дастурхони ёзилди

Байрам дастурхони ёзилди
Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида ўтказилаётган байрам тадбирлари давом этмоқда.

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан ташкил этилган хайрия тадбирига Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти аъзолари ва ногиронлиги бўлган шахслар таклиф этилди. Байрам дастурхони ёзилиб, бадиий дастур намойиш қилинди.

Байрам тадбирида кам таъминланган оилалар ҳамда имконияти чекланган шахслар учун муносиб турмуш шароити яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидланди. 

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимизнинг фармон ва қарорлари асосида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни уй-жой билан таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш учун янги имтиёз ва преференциялар белгиланди. Уларга маиший техника харид қилишда беғараз ёрдам кўрсатилмоқда. 

– Юртимизда энг улуғ, энг азиз байрам кунларида кўнгли ярим инсонлар ҳолидан хабар олишдек хайрли ва савобли иш бўлмаса керак, – дейди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Тошкент шаҳар бўлими раиси Рустам Асқаров. – Тадбир иштирокчилари инсон қадри улуғ бўлган юртда яшаётганини яна бир бор ҳис қилишди. Бунинг учун, аввало, Президентимизга, ташкилотчиларга алоҳида миннатдорлик билдирамиз. 

Тадбирда қатнашолмаган 50 нафар кўзи ожизлар жамияти аъзолари хонадонларига бориб, совғалар улашилди.

М.Қосимова, ЎзА
5 534