Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2018 15:59 Чоп этиш версияси

Байрам арафасида 29 янги бино фойдаланишга топширилади​

Байрам арафасида 29 янги бино фойдаланишга топширилади​
Тошкент вилоятида ҳам энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги зўр тараддуд, муносиб туҳфалар билан қарши олинмоқда.

Юртимиз бўйлаб байрам шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун замонавий бинолар барпо этилиб, фойдаланишга топширилаётир.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Зангиота тумани кенгаши ва “Маҳалла“ хайрия жамоат фонди туман бўлими биносининг фойдаланишга топширилиши ҳам туман аҳли учун муносиб байрам туҳфаси бўлди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ва туман маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Президентимиз ташаббуси билан маҳалла тизимини такомиллаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли бугун маҳалла халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айланаётгани, жамиятда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ўзаро низолашганларни муросага келтириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли ортиб бораётгани таъкидланди.

– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги фармони билан жорий йил 1 декабрига қадар вилоят, туман ва шаҳар марказларида “Маҳалла маркази“ мажмуаларини, 2021 йилнинг 1 декабрига қадар эса фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар асосида қуриш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш белгиланган, – дейди “Маҳалла“ хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ижрочи директори Анвар Умаров. – Шунга мувофиқ, Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрамига туҳфа сифатида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Нурафшон ва Оҳангарон шаҳарлари, Бўка, Зангиота, Оққўрғон, Оҳангарон, Қуйи Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманлари кенгашлари ҳамда 21 маҳалла фуқаролар йиғини, жами 29 бинони фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, мазкур фармон ижроси юзасидан жорий йил 1 сентябрига қадар яна 58 та ўзини ўзи бошқариш органлари биноси мукаммал ва жорий таъмирланиб, фойдаланишга топширилади.

А.Худойқулов, ЎзА
5 431