Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 14:34 Чоп этиш версияси

Баркамол ёшлар – юрт келажаги

Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта ўзлаштириши, истеъдод ва салоҳиятини тўла намоён этиши учун барча шароит яратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам мазкур қонун ижросини таъминлаш, ёшлар ўртасида бадиий, халқ ва ҳаваскорлик ижодиётини тарғиб этиш, театр, мусиқа, эстрада, тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий фаолияти учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни маданият ва санъат тўгаракларига жалб этишда юксак самаралар бермоқда. Ушбу масканлардаги 183 тўгаракда 2 минг 700 га яқин ёшлар билим ва маҳоратини оширмоқда. Замонавий меъморчилик андозалари асосида янгидан бунёд этилган Қораўзак туманидаги “Маданият”, Элликқалъа туманидаги “Элликқалъа”, Хўжайли туманининг Ойбек номидаги, Амударё туманидаги “Чойкўл” сингари овул маданият ва аҳоли дам олиш марказларида ёшларнинг истеъдодини ривожлантириш учун барча шароит яратилган.

Ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, қизиқиш ва интилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида вазирлик тасарруфидаги театр-концерт ташкилотлари, музейлар ва спорт мактаблари, туман, шаҳар маданият бўлимлари томонидан турли фестиваллар, кўрик-танлов ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Бунинг самарасида ёшлар турли кўрик-танлов ва фестивалларнинг мамлакат босқичида совриндорлар қаторидан жой олмоқда. Ўтган йили “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловининг мамлакат босқичида Гулмира Султанмуратова иккинчи ўринни эгаллади. “Ёшлик завқи” балет ва замонавий рақс ижрочиларининг республика фестивалида Қажимухан Жалғасбоев “Оригинал ғоя учун” номинацияси ғолиби бўлди. “Онам айтган аллалар” фестивалида Чимбой туманининг “Бесперде” фольклор-этнографик халқ жамоаси “Энг яхши урф-одат ва анъаналар тарғиботчиси” номинацияси бўйича тақдирланди. “Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочиларининг республика кўрик-фестивалида Қораўзак тумани “Минг тумен” фольклор-этнографик халқ жамоасининг бадиий раҳбари Саламат Берданов муваффақиятли иштирок этди.

Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат мусиқали театри, Сапар Хўжаниёзов номидаги қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри, Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрида саҳналаштирилаётган спектаклларда истеъдодли ёшлар устоз-шогирд анъаналари асосида маҳоратини оширмоқда. Мазкур театрларнинг ижодий жамоалари Қўнғирот, Шуманай, Қанликўл туманларида гастрол сафарларида бўлиб, ҳаёт сўқмоқлари, ёшларнинг турмуш тарзи, муаммолари акс эттирилган асарларини намойиш этди.

Ҳар йили ўтказилаётган ҳаваскор театрлар, драма жамоалари ва қўғирчоқ театрларининг фестивалида иқтидорли ёшлар кашф этилмоқда. Чимбой туманидаги Ю.Мамутов номидаги халқ театри томонидан саҳналаштирилган П.Айтмуратовнинг “Давогар” комедияси, Амударё тумани драма жамоаси томонидан яратилган Ф.Каринтининг “Сеҳрли курси” комедияси, Нукус шаҳридаги “Бесқала” қозоқ халқ театри томонидан намойиш этилаётган М.Ауезовнинг “Қўзи кўрпеш, Баён сулув” саҳна асари томошабинларда катта таассурот қолдирмоқда. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда “Хуш кайфият” қизиқчи ва сўз усталари фестивали ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.

Ёш авлодни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялашда Нукус маданият ва санъат коллежининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Бу ерда ёшлар халқ ва миллий чолғу асбоблари, академик қўшиқ ижрочилиги, рақс, эстрада, тасвирий санъат, дизайн, театр санъати каби 15 йўналиш бўйича замонавий шароитларда таҳсил олмоқда. Жорий йилда санъат масканининг 650 га яқин ўқувчисидан 241 нафари мустақил ҳаётга йўлланма олади.

– Ўқувчиларимиздан Шоҳсанам Кенесбоева ва Темур Примбетов “Ёшлик завқи” балет ва замонавий рақс ижрочилари фестивалининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида “Энг яхши балет ижроси” номинацияси бўйича ғолиб бўлди, – дейди коллеж директори ўринбосари Бахтиёр Қайипов. – Байрам Зиналов “Энг яхши замонавий рақс” йўналишида биринчи ўринни эгаллади.

Чекка туман ва олис овулларда яшайдиган ёшларнинг санъатга қизиқишини ошириш, истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқаришда қишлоқ маданият уйларидаги фольклор-этнографик ансамбллари, драма тўгараклари самарали фаолият кўрсатмоқда. Буни уларнинг турли фестиваль ва кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этаётганида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, 2016 йилда ўтказилган “Онам айтган аллалар” фестивалининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида Нукус тумани “Ақманғит тонгги”, Тахтакўпир тумани “Мийрас”, Қораўзак тумани “Минг тумен” фольклор-этнографик халқ ансамбллари томонидан ижро этилган композицияларда кўплаб ёш истеъдодлар кашф этилди.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда ёш авлод камолотига қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
1 409






Все о погоде - Pogoda.uz